Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан қўшни Қирғизистонда бўлиши икки давлатнинг бугуни ва келажагини белгиловчи муҳим манфаатли шартномаларнинг имзоланиши ҳамда халқларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси савдо-сотиқ ривожланишига, инвестициялар мамлакатимизга кириб келишида ижобий натижаларни бермоқда. Чегара муаммоларига барҳам берилмоқда.
Ўзбек ва қирғиз халқларини боғлаб турган ришталар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тарихи, дини, тили ва маданияти муштарак бўлган қўшни Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз, дўстимиз бўлибгина қолмай, икки халқни яқин қариндош-уруғчилик ришталари ҳам боғлаб туради. Икки халқ ўртасидаги муносабатлар охирги икки йилда мутлақо янги даражага чиқди.
Яхши қўшничилик алоқалари давлатлар ўртасида саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган асосий устувор йўналишларга тўхталиб, биринчи навбатда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалаларини илгари сурди. Бугунги кунда икки давлатда ҳам ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрламоқда. Ички бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигини очади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистонда саноат кооперцияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи қўшимча иш ўринларининг яратилишига имкон беради. Маълумки, мамлакатимизда автомобилсозлик, замонавий маиший техника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг ривожланиб бормоқда. Фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳам шулар жумласига киради.
Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни муҳим йўналиш деб қайд этди. Бунинг учун интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, картошка, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва шунга ўхшаш бошқа қўшма лойиҳаларни ишга туширишга қаратилган агрокооперация дастури амалга оширилади. Бунинг натижасида икки халқ дастурхони тўкин-сочин бўлишига эришилади.
Транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни фаоллиштириш ва шу мақсадда, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ишларини жадаллаштириш, “Андижон-Ўш-Иркиштом” автомобиль йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва қўшма транспорт-логистика компанияси ташкил этилиши эса икки халқни бир-бирига боғловчи, қариндош-уруғчилик ришталарни мустаҳкамловчи “кўприк” бўлади, албатта. Шу ўринда, мамнуният билан таъкидлаш мумкин-ки, 26 январдан бошлаб Фарғонадан Қирғизистонга микроавтобус қатнови қайта тикланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида энергетика соҳасини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Бунинг дастлабки босқичи сифатида, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишни жадаллаштириш, эртанги кунимизга ёрқин нигоҳ билан қараш, яъни хонадонларимиз, кўчаларимизнинг чароғон бўлишига хизмат қилади.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.