Фарғона янада ривожланади
Фарғона янада ривожланади

 

Водий дурдонаси, юртимизнинг дилбар гўшаси сифатида эъзозланувчи Фарғона барчамизнинг кўз ўнгимизда тобора обод бўлиб бормоқда. Эзгу ташаббуслар барчани муштарак мақсад йўлида ўзаро жипслаштираётгани, бир ёқадан бош чиқариб, эртанги кун истиқболига пешвоз чиқишга ундаётгани қалбимизга ғурур-ифтихор бахш этади.

Эзгу фазилатли халқимиз кейинги йилларда янги давр, янги замон – Янги Ўзбекистон довонларини қатъий ишонч, аниқ режа-мақсад, узоқни кўзлаган юксак ақл-идрок билан забт этиб келаётганини дунё кўриб турибди. Ҳаётбахш ислоҳотлар самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.

Янгиланаётган Фарғона тимсолида улуғворлик билан бирга муҳташамлик мужассам. Бир пайтлар торгина йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчанлик ва бунёдкорликнинг ёруғ изларини кўриб, ушбу жараённинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки фаоли ва фидойиси бўлишга интиляпти.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифини халқимиз ҳамиша интиқлик билан кутади. Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида Қўштепа туманидаги Global textile infinity кластерининг тўқимачилик корхонаси ишга тушди. Бу билан тумандаги 3000 га яқин инсонларнинг иш билан таъминланишига эришилади.

Марғилон шаҳрида азалдан тадбиркорлик, ҳунармандчилик ривожланган. Президентимиз Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказига ташрифи давомида ҳунармандларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этиб ўтгани марғилонликларга ўзгача кайфият бахш этди.

Фарғонадаги ўзгаришлар, янгиланиш ва истиқбол Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлиқ. Юртбошимиз ҳар гал вилоятимизга ташриф буюрганида каттаю-кичикни бунёдкорлик ишларига даъват этади, бугунги кунга тийрак нигоҳ ташлашга, келажакка умид ва ишонч билан қарашга ундайди.

Фарғона вилояти давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган янги ғоялар асосида ривожланишда давом этади. Юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши эса Фарғона вилоятини янада равнақ топишига хизмат қилади.

 

Ш.Мамаджанов

ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши раис ўринбосари

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш