Аҳоли бандлигини таъминлашда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим
Аҳоли бандлигини таъминлашда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим

 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори эълон қилинди. Қарорга асосан, 2023 йилнинг1 февралдан бошлаб:

Кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилади. Аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ ҳўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон ҳўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан ташкил этилган микромарказларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида ўттиз фоиз улуш билан иштирок этиши лозим бўлади.

Дастурлар доирасида илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

Қарорда, аввал ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтармаган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида янги кредитлар берилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Бу эса фуқароларимизнинг боқимандалик кайфиятини олдини олишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Бизга маълумки, Ўзбекистонда шу даврда амалга ошириб келинган субсидиар сиёсат дунёдаги аҳолини ижтимоий қўллаш фаолиятини тартибга солувчи асосий халқаро ҳужжат мазмунига, яъни – 1962 йилдаги Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенциясига мос келмаган. Конвенцияда: “Ҳар қандай ижтимоий кўмак бериш фуқароларни ижтимоий, интеллектуал ёки касбий ривожлантириш учун рағбатлантиришга йўналган бўлиши керак”, деб белгилаб қўйилган.

Шу боисдан ҳам Президентимиз мазкур муаммо ечимининг энг тўғри ва мақбул йўлини, яъни ҳар бир инсонни танлаган соҳасидаги билимларини юксалтириш, малакали касб-ҳунар ўргатиш, ёшларни устозларга бириктириб, тажриба орттириш механизмини йўлга қўйиш энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб бердилар. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган миллатимиз шаъни ва характерига мос келмайдиган камбағалликдан халос эттиришдан иборат бугунги ижтимоий сиёсат эндиликда Халқаро Меҳнат Ташкилоти қоидаларига тўла мос келади ва унинг пировард мақсади инсонни касбий ёки интеллектуал жиҳатдан ривожлантириш орқали бахтли ва бой-бадавлат қилишдир.

Бизга маълумки, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолини ўзини-ўзи бандлигини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади.

Кейинги йилларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ва уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш ва қишлоқ аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини яхшилашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш юзасидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Депутатларимиз томонидан уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, ерга ишлов бериш, уруғ, мевали дарахт кўчатлари экиш, иссиқхоналар қуриш, қорамол ва парранда боқишни ташкил этиш ишларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўрганишларда, минтақаларда томорқа ер эгалари кесимида ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотини инобатга олган ҳолда "бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида маҳсулот етиштириш ишлари олиб борилмоқда. Натижада томорқа ер эгалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектларга айланиб бормоқда.

ПҚ-39-сонли Қарорда туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари билан биргаликда дастурлар ижросини, шу жумладан ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳисобот бериб бориши амалиёти жорий этилиши белгиланган.

Бу эса ўз ўзидан партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатларидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида депутатлик назоратини олиб боришни тақозо этади.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш