Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 октябрдаги «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ 411-сонли Қарорининг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тайинланди.
Фарғона вилоят Кенгаши ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Зокиржон Зоҳидов сўзга чиқиб, бугунги кунда аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш олдинда турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
Фарғона соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Қарор ижроси юзасидан ҳисоботи Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши доимий комиссиясида, сессиясида муҳокама этилишини айтиб ўтди. Шунингдек, йиғилишда Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши котибият мудири Шерзоджон Каримов, вилоят молия бош бошқармаси, Фарғона соғлиқни сақлаш бошқармаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш вилоят бўлими, Фарғона вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармаси вакиллари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ раҳбари этиб, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Набиев Анвархон тайинланди. Шунингдек ушбу масала бўйича олдинда турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Ишчи гуруҳга қарор ижросини белгиланган муддатда ўрганиб чиқиш вазифаси топширилди.