Камбағаллик жасоратли меҳнат билан қисқаради
Камбағаллик жасоратли меҳнат билан қисқаради

 

Халқимиз ҳеч қачон меҳнатдан қочмаган. Ота-боболаримиз ҳалол меҳнат билан ҳаёт қурган, бахт яратган.

Ўз ишини йўлга қўйиш, ўз иши, деган тушунчалар турмушимизга фаол кириб келганига кўп бўлмади. Ўйлаб кўрайлик, бу нима дегани? Ҳар бир инсон эркин бўлиб туғилади. Ҳаёти давомида аксарият одамлар тиним билмайди, орзуларим, болам-чақам, келажагим, деб елиб-югуради. У меҳнат билан эришган натижалар ўзиники, оиласи, яқинлариники бўлиши керак. Акс ҳолда, ҳаёт қонунияти бузилади. Ўз ишини йўлга қўйиш ўзиникига эга бўлиш, эркинликни ҳис қилиш, мулкдор, ҳақдор бўлишдир.

 

Меҳнат ва даромад

Кейинги йилларда фуқаролар меҳнатига яраша даромад кўриши, мулкка, қадр-қимматга эга бўлиши учун тарихда қоладиган ишлар қилинмоқда. Қийин, гўё чорасизлик чоҳига тушиб қолган юртдошларимизнинг кўнглини кўтариш, турмушини ўзгартира олишига ишонтириш, ҳаёти изга тушиб кетгунича уларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб лойиҳалар, дастурлар амалга оширилмоқда. Давлатнинг барча ташкилот ва тузилмалари пастга тушиб, халқимиз турмушининг яқинида бўлиб, ичига кириб ишлашга ундалаётгани замирида эзгу мақсад кўзланган.

Президент Шавкат Мирзиёев йил бошидан яхши ният билан бирма-бир вилоятларга бориб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорларга ёрдам бериш, одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, мутасаддиларнинг масъулиятини кучайтириш каби ўта муҳим масалаларда вазифаларни белгилаб бермоқда. Ҳар бир ҳудудда юртдошларимиз билан самимий мулоқот қилиб, иши, турмуши, оиласи, режалари ҳақида сўраб, масъулларга ўрнак бўлмоқда.

Бир тадбиркор, бир ёлғиз она, яна бир ёш қизнинг ютуқларидан давлат раҳбари қанчалик қувонаётганини кўриш инсонни тўлқинлантиради.

Тадбиркорнинг неча миллион долларлик айланма маблағи борлиги, яна биров боғ қилгани, биров болаларга ҳунар ўргатаётгани аввало рўзғорлар обод бўлаётгани, барқарор даромад манбалари яратилаётгани, минглаб оилаларнинг турмуши изга тушаётгани, кўпроқ иш ўринлари очилиши кафолати мустаҳкамланаётгани қувонарли. Булар минглаб, миллонлаб халқимиз болаларининг яхши ўқиши, яхши тарбия кўришини ҳам англатади.

Камбағаллик оғир дардга ўхшайди, у ўз-ўзидан тузалмайди. Уни енгиш учун меҳнат қилиш, руҳлантириш, қўллаш, рағбатлантириш зарур. Акс ҳолда, камбағаллик кўпайиш, кенгайиш хусусиятига ҳам эга. Камбағал одамлар камбағал оилаларни юзага келтирса, камбағал оилалар соғлиғи, таълими, тарбияси муаммоли болаларни кўпайтиради.

Осон бўлмаган, қатъий қўйилган вазифалар нафақат шу кунларга, халқимиз келажагига қаратилганини яхшироқ тушуниш учун мураккаб вазиятдан чиқиб кетаётган оиладаги муҳитни, кайфиятни яқиндан билиш етарли бўлади. Йиллар мобайнида тайинли бир юмуш тутиб, рўзғорига яхши егулик кирита олмаган отанинг ўз ишини йўлга қўяётгани, даромад кўраётгани, аёли, фарзандларидан ортиб, қўни-қўшниларга қўшилиб, маҳаллада кўриниш бераётганида қанча фикр, қанча хулоса, қанча ибрат ва шукроналик бор?!

 

Бефарқликни жамоатчилик назорати енгади

Президент сидқидилдан меҳнат қилиб, атрофидагиларига ўрнак бўлаётган юртдошларимиз билан суҳбатларда “бефарқ бўлмаганингиз, қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат”, деб алоҳида миннатдорлик билдириши бошқача таъсир қилади, тўғриси.

Энг ёмон бефарқлик оиласининг турмуши, орзуларига нисбатан бефарқлик бўлса керак. Камбағалликни қисқартириш биринчилардан бўлиб бефарқликни камайтириш учун ҳаракат қилишдир. Бефарқлик деганда оилалардаги эмас, жойлардаги раҳбар-мутасаддилардаги бефарқликни енгиш чораларини кўриш ҳам тушунилади. Шунинг учун ҳам Президент ташрифлари давомидаги мулоқотларда барча туман-шаҳарларнинг мутасаддилари студиялардан бўлса-да иштирок этиши жуда зарур масаладир.

Ҳар доим давлат раҳбари ҳудудларда учрашувлар ўтказганда депутатлар олди қаторларда қатнашиб, керакли хулосаларни олади. Жорий йилдан сиёсий партиялар вакиллари ҳам бу жараёнларда фаол иштирок эта бошлади. Жамият ривожланиши, ҳудудларда уйғоқ муҳит, тўғри мулоқот асосида фаолият бўлиши депутатлар, сиёсий партиялар фаолларига ҳам боғлиқ масаладир.

Биринчи масала кучли жамоатчилик назоратидир. Белгиланган вазифалар аниқ, уларнинг ижроси учун жавобгарлик, масъулият аввало элнинг олдида бўлиши керак. Туман ҳокими, бошқа мутасаддилар туман аҳлига ҳисобдорлиги, элнинг назарида эканини билиб, сезиб турса, ҳар доим яхши натижалар йўлидан оқсамайди. Бундай ҳисобдорлик муҳитини депутатлар, сиёсий партиялар фаоллари юзага келтира олади.

Халқ демократик партияси кейинги йилларда дастурий мақсадларига энг кўп эришаётган партиялардан бири, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Халқ билан мулоқот, маҳаллага тушиб ишлаш, инсон қадрини ошириш борасидаги кенг қамровли ислоҳотлар жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Партиямиз давлат идораларининг халқимиз олдидаги ҳисобдорлиги борасидаги сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаш билан бирга, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича янги вазифаларни белгилаб олади.

 

Парламент масъулияти

Парламент мамлакатдаги муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топишда, таъсирчан парламент, депутатлик ва фаол жамоатчилик назоратини мунтазам олиб боришда қатъий позиция кўрсатиши талаб этилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент назорати самарадорлигини ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Унга мувофиқ, 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг тасдиқланиши ва амалга оширилиши ҳолати ўрганилади. Натижалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинади.

Аниқланган муаммоларни ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотлар билан бирга жойида ҳал этиш чораларини кўриш белгиланган.

Йўл харитада бандлик, иш ўринлари яратилиши масалаларида мутасадди вазирликларнинг ахборот ва ҳисоботларини парламент қўмиталари, ялпи мажлисларида тинглаш, муаммоли ҳолатларни ҳал этиш бўйича парламент назорати институтларидан самарали фойдаланиш назарда тутилган.

Кейинги муҳим йўналиш вилоятларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш натижаларини парламентда муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Депутатлар жойларга чиқиб аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ўрганиши, ишсизликни камайтириш бўйича белгиланган муддатларда бажарилмаётган лойиҳалар, аниқланган муаммолар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиши ва мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиши кўзланган.

Бандлик, янги иш ўринлари, барқарор даромад манбаи каби муҳим масалалар парламент қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари кун тартибида ҳар доим олдинги ўринларда туриши зарур.

 

Камбағаллик қисқариши рақамларда

2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида 2026 йил охиригача мамлакатда камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш режалаштирилган.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Бу борадаги манзилли ишлар натижасида ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. 1 миллион аҳоли касб-ҳунарга ўқитилиб, иш бошлашига кўмаклашилган.

Рақамларга кўра, 2022 йил январь-октябрь ойларида банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 2,4 млн. нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган. Хусусан, 903 минг нафари доимий иш жойларига жойлаштирилган.

Ишсизлик ва камбағалликдан азият чекаётган инсоннинг доимий иш ва даромад манбаига эга бўлишининг ўзи унинг ҳаётида янги саҳифа очилганини билдиради. Эътиборлиси, бу ердаги рақам кичкина эмас. Деярли бир миллион одамнинг ҳаёти яхши томонга ўзгарди, дегани.

2022 йил якунида Статистика агентлиги аҳолининг ойлик иш ҳақи ўсишини ҳудудлар кесимида тақсимлаб берди. Унга кўра, энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида бўлган ва йиллик 28,2 фоизга ўсган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн. 314 минг сўмни ташкил қилган.

Республика миқёсида ойлик иш ҳақининг ўртача ўсиши 21 фоиздан кўпроқни ташкил қилиб, ўртача ойлик иш ҳақи 3 млн. 892 минг сўмни ташкил қилган. Дарҳақиқат, бу рақамлар қамбағаллик қисқариб бораётганини ҳам англатади.

 

Ёшлар бандлиги

Республикамиз аҳолисининг 60 фоизга якинини ёшлар ташкил қилишини ҳисобга олсак, ёшларга қаратилган дастурлар том маънода келажакка қаратилган дастур, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Наманганга ташрифи давомида Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” кутубхонасидаги наманганлик ёшлар билан учрашувида ёш йигит-қизлар учун кўплаб дастурлар амалга оширилаётгани, ўтган йили ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 140 миллиард сўм маблағ берилиб, 6 мингдан зиёд ёш ўз йўлини топганини таъкидлади.

Шунингдек, 2,5 минг гектар экин майдонларини ажратиш натижасида 20 минг ёшлар бандлиги таъминланган.

Бу рақамлар фақатгина Наманган вилояти мисолида. Қувонарлиси, бу дастур бутун республика миқёсида амалга оширилган ва бу йил ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

Рақамлар режаларга яраша катта. Бундай йиллик режалар ҳар бир ҳудуд учун ишлаб чиқилган. Камбағалликни қисқартириш учун тизим яратилди ва у аниқ режалар асосида ишламоқда. Бу тизимнинг ҳар бир ҳудудда самарали ишлаши халқимизнинг турмуши, рўзғорига таъсир қилади. Кучли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жараёнда фаол иштирок этиш бурчимиз, деб биламиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 15.02.2022, №6

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш