Кучли жамоатчилик назорати зарур
Кучли жамоатчилик назорати зарур

 

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилган ислоҳотлар, Тараққиёт стратегиясига мувофиқ босқичма-босқич эришилаётган мақсадлар давлат идораларининг фуқаролар, халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтирди. Бир вақтлар аҳолидан, жамоатчилик фикридан узоқлашиб кетган вазирлик ва идоралар фаолиятидаги туб ўзгаришлар ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Президент қатъий белгилаб берган халқ билан мулоқот тамойилининг рўёбга чиқарилиши юртимиздаги нафақат ижтимоий-иқтисодий, шу билан бирга, демократик жараёнларни ҳам тубдан такомиллаштирди.

2022 йилги давлат дастурида, жорий йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида ҳам халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудлардаги масалаларни ҳал қиладиган асосий бўғинга айлантириш, маҳаллаларда мулоқот институтини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида қўйилди. Бу жуда эзгу мақсадга қаратилган тўғри ёндашув.

Халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари кенгайтирилиши маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик-идораларнинг ҳудудий бўлинмаларининг тегишли ҳудуд аҳолиси олдида ҳисобдорлиги, масъулиятини кучайтиради. Бу қонунлар, Президент қарор ва фармонларининг жойлардаги ижроси янада самарали бўлишида, одамларнинг ислоҳотларни тушуниши ва уларни тўлиқ рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиши учун жуда муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти билан боғлиқ айрим масалаларга ечим топиш, баъзи йўналишларда сиёсий партиялар ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки сиёсий партиялар, депутатлик бирлашмалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши жамиятимиз ҳаётида ижтимоий-ҳуқуқий фаоллик ошишига, ҳозирги кундаги кенг қамровли ислоҳотларнинг натижадорлиги бўйича самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Кейинги йилларда халқ депутатлари Кенгашлари, маҳаллий депутатлар фаолиятида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликлар рўй берди. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ барча энг муҳим масалалар ҳудудий Кенгашларда муҳокама қилинмоқда. Депутатлар қарорлар қабул қилинишида бевосита иштирок этмоқда.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга, сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликда айрим масалалар ҳам йўқ эмас.

 

Биринчи масала. Маълумки, сиёсий партиянинг дастурий мақсадларини бевосита амалга оширишда энг муҳим тизим бу депутатлик бирлашмаларидир. Бироқ Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракцияларидан фарқли ўлароқ, халқ депутатлари Кенгашларидаги партиялар гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатлари тааллуқли процессуал механизмлар билан мустаҳкамланмаган.

Амалдаги қонунчиликда партия гуруҳларининг маҳаллий бюджетлар лойиҳаларини, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш, ҳокимлар ва бошқа маҳаллий давлат органларининг мансабдор шахсларининг ҳисоботини тинглашда иштирок этиш тартиби ва шаклини тартибга солувчи процессуал нормалар кўзда тутилмаган.

Шунингдек, партиялар гуруҳлари ўз ваколатлари доирасидаги масалалар юзасидан киритган таклифларни доимий комиссия томонидан сессиялар ва мажлисларда кўриб чиқилиши шартлигини белгиловчи нормалар ҳам мавжуд эмас.

Партиялар гуруҳлари томонидан депутатлик назоратини олиб бориш бўйича қонунчилигимизда ҳуқуқ ва ваколатлар белгилаб берилмаган.

Партиялар бюджет параметрларини шакллантиришнинг фақат тасдиқланиш босқичида иштирок этадилар. Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли фондлар бўйича бюджетлари лойиҳаларини тузишда партияларнинг фикрини инобатга олиш механизмлари қонунчиликда инобатга олинмаган.

Ушбу масалани ҳал қилиш учун қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлади. Вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ва улардаги партиялар гуруҳлари томонидан депутатлик назоратини ўрнатиш тартибларини киритиш керак.

Шунингдек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда партиялар гуруҳларига “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва ваколатларнинг процессуал механизмларини аниқ белгилаб бериш лозим.

 

Иккинчи масала. Аксарият депутатлар ўз партиявий мансублигини ҳис этишмайди. Мазкур ҳолат сиёсий партияларнинг ўз депутатлари билан ишлашида, уларга таъсир ўтказишида ва дастурий мақсадларини амалга оширишида маълум қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Амалдаги қонунчиликка асосан депутатлар фаолиятига сиёсий партиянинг таъсир этиши бўйича самарали механизмлар деярли мавжуд эмас. Тўғри, қонунчиликда “депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги” асосида депутатни сиёсий партия томонидан чақириб олиш имконияти берилган. Лекин бу жараён мураккаб бўлиб, ушбу масала бир неча босқичда амалга оширилади. Мазкур масала олдин тегишли давлат ҳокимияти вакиллик органининг (халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши, Қонунчилик палатаси ёки Сенат Кенгаши) одоб комиссиясида кўрилади, сўнгра умумий мажлисда кўрилади. Шундан сўнг сайлов ташкил этилиб, депутат сайланган округ сайловчиларининг яширин овоз бериши йўли билан амалга оширилади.

Сиёсий партия олдидаги мажбуриятларини бажармаган депутатларни чақириб олиш бўйича қонунчиликдаги процессуал механизмларни такомиллаштириш эҳтиёжи мавжуд.

Шунингдек, сиёсий партиянинг депутатлар билан кундалик олиб бориладиган иш жараёнидаги муносабатлари етарли даражада тартибга солинмаган. Депутатлик бирлашмалари аъзоларининг партия интизомига риоя қилиш нуқтаи назаридан ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи норматив хужжат мавжуд эмас. Ушбу ҳолат депутатларни ягона мақсад сари бирлаштириб, сиёсий партияларнинг манфаатларини парламент ва маҳаллий Кенгашларда самарали ифода этишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Депутатларнинг сиёсий партия олдидаги масъулиятини ва партиявий интизомни кучайтириш мақсадида ҳар бир сиёсий партияни парламентдаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг низомини қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу низомда фракция ва депутатлик гуруҳи аъзоларининг партия интизомига риоя қилиш нуқтаи назаридан ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилиши керак. Мазкур низом сиёсий партиянинг Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак бўлади.

Депутатлик бирлашмаларининг низоми қабул қилиниши орқали депутатларнинг партия вакили сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилади, уларнинг фаолиятида бирдамлик таъминланади. Депутатлар сайловчилар олдида, сиёсий партия олдида ўз мажбуриятларини янада аниқ ҳис қилишади.

 

Учинчи масала. Жойлардаги кузатувлар бугунги кунда сиёсий партияларнинг моддий-техник базаси қониқарсиз ҳолда экани ва ушбу ҳолатни яхшилаш учун муайян маблағлар талаб этилишини кўрсатмоқда. Партияда молиявий маблағлар етишмаслиги сабабли жуда зарур бўлган штат бирликларини жорий қилиш ҳамда малакали кадрларни партия ишига жалб қилишда қийинчиликларни вужудга келмоқда.

Давлат бюджетидан сиёсий партияларга маблағлар ажратиш “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом”га асосан амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур қонун 7-моддасининг иккинчи қисмида “Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади”, деб кўрсатилган. Яъни, сиёсий партияларни молиялаштириш учун бир йил олдинги энг кам иш ҳақи асос қилиб олинмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида, партияларнинг асосий харажатлари ва партияларга давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ўртасида номутаносибликни келтириб чиқармоқда.

Сиёсий партияларга давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдорини партияларнинг харажатлари кўзда тутилган йилга мутаносиблигини таъминлаш ҳамда ажратилаётган маблағлар миқдорини сезиларли даражада ошириш мақсадида “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига сиёсий партияларни молиялаштириш учун жорий йилдаги энг кам иш ҳақини асос қилиб олиш бўйича тегишли ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Тўртинчи масала. Сиёсий партия самарали фаолият юритиши малакали, юқори сиёсий билимга ва ташкилотчилик қобилиятига эга кадрларга ҳам боғлиқ.

Бугунги кунда сиёсий партия ходимларининг малакасини ошириш ва қайта ўқитиш тизими мавжуд эмас. Малака ошириш ишлари ҳар бир сиёсий партиянинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда, ходимларни қайта ўқитиш имконияти йўқ.

Таъкидлаш лозимки, ривожланган демократик давлатларда профессионал сиёсатчиларни ўқитиш тизими мавжуд. Деярли барча олийгоҳларда Ёш сиёсатчилар клуби, Нотиқлар клуби, мунозара клублари ва сиёсий-ҳуқуқий фаолликка ундовчи бошқа бирлашмалар фаолият юритади.

Мамлакатимизда сиёсий партия ходимларини қайта ўқитиш тизими мавжуд эмаслиги мутахассислиги сиёсатчи бўлмаган, қизиқувчи бошқа соҳа вакилларини партияда муқим ишлаб кетишида қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шунинг учун сиёсий партия ходимларининг малакасини ошириш ва қайта ўқитиш тизимини жорий қилиш муҳим. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошида ва минтақавий таълим тизимларида доимий фаолият юритувчи партия ходимлари ва фаолларини тайёрлаш курслари ташкиллаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, сиёсий партиялар аппаратида фаолият юритаётган ходимларни сиёсатшунослик, давлат ва жамият қурилиши, партология бўйича сиртқи (масофали) иккинчи олий маълумотни олиш имкониятларини кўриб чиқиш ҳам мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш зарурки, сиёсий партиялар, депутатлар ислоҳотлар натижадорлиги, жамоатчилик назоратини кучайтириш жараёнларида фаол иштирок этиши, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш бўйича таклиф ва ташабускор бўлиши зарур.

 

Улуғбек Вафаев,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

«Ўзбекистон овози», 15.02.2022, №6

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш