Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамма қатори тенг, тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунга етарли асосларимиз бор, албатта. Айтайлик уларни уй-жой билан таъминлаш, ногирон фарзанди ёки оилада ногиронлиги бор инсонларни парвариш қилаётганларга меҳнат стажи ёзилиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги ёки БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Куни кеча президентимиз томонидан имзоланган навбатдаги қарорда ҳам инсон ҳуқуқлари, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш асосий мақсад қилинган.
Айнан мазкур қарор Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги жараёнида қабул қилиниши ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми десак тўғри бўлади.
Қарорда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш, бундан ташқари, давлат хизматлари марказлари, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларида фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида (жойида) кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш имтиёзининг берилиши қувонарли хабар бўлди. Буни инсон қадрини улуғлашга қаратилган амалий иш деб биламан.
Айниқса, қарор билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббиёт муассасаларида даволанаётган пайтида унинг отаси ёки онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиши учун шароит яратилиши, стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланишнинг йўлга қўйилиши, ўйлайманки, ногиронлиги бор оилаларни моддий, иқтисодий ҳамда маънавий томондан қўллаб-қувватлаш бўлади.
Шу ўринда ҳаётий тажрибам давомида учраган воқеалар кўз олдимда гавдаланди. Мактабда ишлаб юрган вақтимда бир ҳамкасбимизнинг фарзанди ногирон эди. Она бечора фарзанди ногирон бўлганидан шунчалар эзилардики, таътилларда мактаб директоридан жавоб сўрашга қийналар ва ийманарди. Чунки фарзандини Тошкентга олиб келиб даволатар эди. Иш соатларини қоплаш учун бошқа пайт икки ҳисса ишлашга ҳаракат қиларди. Сайловчиларимиз билан суҳбатлашганимизда ҳам бу каби муаммоларга дуч келамиз. Чунки, беморни олиб келиб уни даволатиш ва яқинларининг ҳам биргаликда юриши оилалар учун қанча сарф-харажат. Яна бир эътиборли томони шундаки, эндиликда “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишга туширилганлиги ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлашга хизмат қилади.
Бу билан таниш-билишчилик, адолат мезонларининг бузилишига барҳам берилади. Айниқса, нажот истаб ўзи кўнгли ўксик бўлиб турган фуқароларнинг яна адолатсизликдан қалби синишининг олди олинади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ушбу қарорнинг қабул қилиниши, қалби ўксик минглаб инсонларнинг эртанги кунига умид ва ишончни оширади. Бу “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига мос, ҳамоҳанг ва ислоҳотлар амалда бўлаётганлигининг исботидир.
Мавжуда Ҳасанова Ғаниевна
Ўзбекистон Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати, Ўз ХДП фракцияси аъзоси