Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиш керак
Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиш керак

 

Муҳтарам Президентимизнинг яқинда Бухоро вилоятига ташрифи чоғида бош муфтий ҳазратларининг таклифига мувофиқ, бундан буён ўзи ибодатда бўлиб, муборак Хаж ва умра зиёратига боришлари учун моддий томондан имконияти чекланган, маҳаллада ўз обрўсига эга бўлган фуқароларимиз давлат ва ҳомийлар томонидан бепул Саудия Арабистонига юборилишини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли, бир неча ўн йиллардан буён халқ депутатлари Фарғона вилоят ва туман Кенгаши депутати сифатида фаолият юритиб келаётган уста тадбиркор ва ташкилот раҳбари Бахромжон Ибрагимов президентимизнинг мазкур ташаббусига биринчилардан бўлиб лаббай деб жавоб берган ҳолда шундай савобли ва хайрли ишларни бошлаб юборди.

Куни кеча Тошлоқ туманидаги Сўкчилик маҳалласи Ҳилол кўчасида истиқомат қилувчи Тўлқин Обидовга шундай бахт насиб этди. Тўлқин Обидовга депутатимиз томонидан умра зиёратига бориш учун бепул сертификат ҳамда жомадонлар топширилди. Ўзи иккинчи гурух ногирони бўла туриб, турмуш ўртоғи, ўн етти йилдан буён биринчи гуруҳ ногирони Дилоромхон Обидовани парваришлаб келаётгани, кексайган чоғида умра зиёратига бориш бир умр орзуси бўлганини айтиб, севинч ёшлари билан дуога қўл очган Тўлқин ота Обидов энг аввало давлатимиз раҳбарига ва Бахромжон Ибрагимовга кўрсатилган саховат учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Тадбирда иштирок этган оқсоқоллар бундай саховат маҳалла тарихида биринчи марта рўй бераётганини таъкидлар эканлар, ташкилотчиларга Аллоҳдан ишларига омад, ривож ва ажру-савоблар тилаб дуолар қилдилар.

Партиямиз фаоли, саховатпеша депутатимиз Бахромжон Ибрагимов бундай савобли ишлар Фарғона вилоятининг Қўштепа, Қува, Бешариқ туманлари ва Марғилон шаҳарларининг кўплаб маҳаллаларида давом этаётганини таъкидлаб ўтди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш