ЎзХДП фракцияси янгиланаётган Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлади
ЎзХДП фракцияси янгиланаётган Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлади

 

2023 йил 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, халқимиз турмуш даражаси яхшиланаётгани, жамиятда эркинлик, давлат бошқарувида очиқликни ҳис этиб, ислоҳотлар ортга қайтмаслигига ишончи тобора ортиб бормоқда. Бугун Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар ва имкониятлар шаклланаётганига нафақат гувоҳ, балки иштирокчи ҳам бўляпмиз.

Янгиланаётган Конституцияда аҳолининг барча қатлами манфаатлари инобатга олинди, уни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида кенг жамоатчилик, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Халқ демократик партияси томонидан берилган таклифларнинг аксарияти қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди.

Йиғилишда партия, унинг кўп сонли электорати учун Конституциявий қонун лойиҳасининг ижтимоий йўналтирилганлиги алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Конституция лойиҳасининг қатор меъёрларида партиянинг асосий ғоялари ҳисобланган ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги аниқ ва қатъий белгиланмоқда. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлатга қатор янги мажбуриятлар юкланаётгани партия сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳангдир.

Депутатлар лойиҳада Ўзбекистон ижтимоий давлат деган конституциявий тамойил муҳрланаётгани ва давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 бараварга ошаётганини алоҳида қайд этди.

Қонун лойиҳасида пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилмоқда. Фуқаролар тиббий ёрдамнинг қонунда кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани қатъий белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат зиммасига аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда. Ушбу нормалар Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Қонун лойиҳасида асосий мезонлардан бири сифатида ижтимоий бирдамлик тамойили илгари сурилмоқда. Бугунги таҳликали замонда жамиятда ижтимоий бирдамлик мустаҳкам бўлиши муҳимдир. Бу партиянинг бош ғояларидан бири ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.

Депутатлар фикрига кўра, Конституциявий ислоҳотлар давлатнинг халқимиз олдидаги масъулиятини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада мустаҳкамланишига замин яратади.

Йиғилишда кун тартибига киритилган масала фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш