ЎзХДП ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича таклифлар берди
ЎзХДП ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича таклифлар берди

 

Бугун парламент Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция аъзолари «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.

Қайд этилдики, кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳага бозор муносабатларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳити яратилди.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси фермер хўжаликлари томонидан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаган ҳолда, 17 моддага киритилаётган ўзгартишга эътибор қаратди.

Фермер хўжалигининг мажбуриятлари, деб номланган мазкур моддада сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш мақсадида фермер хўжаликлари фермерлараро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини, улардаги иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклашда иштирок этиши, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши белгиланмоқда.

Депутатлар мазкур ўзгартириш фермер хўжаликларига қўшимча юк ёки мажбурият юклаб қўйиши эҳтимолини юзага келтириши мумкинлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, муҳокама қилингач, таклиф ва тавсиялар берилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қонун крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мазкур соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар экан, соҳага оид кўплаб терминлар ишлатилганига қарамай, уларга изоҳ бериб кетилмагани, бунинг оқибатида қонуннинг мазмун-моҳиятини тушуниш қийин бўлиб қолганига эътироз билдирди. Шунга қарамай, крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш зарурати нуқтаи-назаридан лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматовга «Ҳудудларда қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Мавзунинг долзарблиги инобатга олиниб, мазкур таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш