Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиеванинг Оққўрғон туманидаги аҳоли билан учрашувлари қизғин ўтмоқда. Дастлаб депутат тиббиёт ходимлари билан учрашиб, Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти, киритилаётган янги нормаларнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Яъни, Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.
Янгиланаётган Конституцияда аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши мустаҳкамланмоқда.
Депутат З.Шодиева айтиб ўтганидек, ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, Янгиланаётган Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда. Бу жуда муҳим ижтимоий кафолатдир.
Чунки аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олаётган ушбу модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади.
Шунингдек, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.
Учрашувда иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил ва атрофлича жавоблар қайтарилди.
Депутатнинг ҳудуддаги учрашувлари давом этмоқда.