Яхшироқ яшаш учун “ҳа” деймиз — Халқ демократик партияси
Яхшироқ яшаш учун “ҳа” деймиз — Халқ демократик партияси

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва аҳолини референдумда фаол иштирок этишга ундайдиган тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Наманган вилояти Наманган шаҳридаги мусиқали драма театри майдонида бўлиб ўтди.

Партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирокида кечган тадбир юзлаб наманганликларни бир ерга жамлади.

Наманганда кейинги йилларда олиб борилган туб ислоҳотлар ва кўплаб бунёдкорлик ишлари натижасида нафақат шаҳар, балки вилоят қиёфаси ҳам бутунлай ўзгарган. Аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортганини уларнинг юз-кўзларидан ҳам билиш мумкин. Янги таҳрирдаги Конституция эса фаровонлик томон қўйилган яна бир қадамдир.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов янгиланаётган Конституция мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўташи, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани жамиятимизда кечаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони оширилгани ва бу фуқароларнинг давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаб, янада фаровон ҳаёт кечиришга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.

Жумладан, янгиланаётган Конституциянинг 44-моддасида мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйиляпти. Ушбу муҳим ўзгариш айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилишини кўзда тутади. Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.

47-модда билан илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз
ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қайд этилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида, шунингдек, таълим масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган бўлиб, 50-моддада ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланмоқда. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаб, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълимни ўз назоратига олмоқда.

Байромона муҳитда ўтган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлишига, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолатига айланишига ишонч билдирдилар.

Очиқ осмон остидаги тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрамона кайфиятда давом этмоқда.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш