Фарғоналиклар Янгиланаётган Конституцияга бефарқ эмас
Фарғоналиклар Янгиланаётган Конституцияга бефарқ эмас

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирларини республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб қизғин давом эттирмоқда.

Очиқ осмон остидаги навбатдаги байромона тадбир Фарғона шаҳрида, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали аллеясида бўлиб ўтди.

“Менинг Конституциям” шиори остидаги мулоқотда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, талаба ёшлар иштирок этди.

Фарғона қадимдан боғдорчилик, ҳунармандчилик, айниқса, ипакчилик маҳорати билан дунёда ном қозонган. Илму ҳунарга, санъатга меҳри баланд танти инсонлар Конституция янгиланишига бефарқ эмас.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова сўзга чиқиб, Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келаётгани, Ўзбекистон ижтимоий давлат экани биринчи моддадаёқ қатъий белгиланиб, кейинги моддаларда бу қоида ривожлантирилаётгани, юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга асос бўладиган улкан ислоҳотлар бардавом бўлиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Янгиланаётган Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани, 43-моддада давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланмоқда.

Камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш мажбурияти давлатга юкланиши ижтимоий давлат халқимизга хизмат қиладиган давлат бўлишининг, жамиятда ижтимоий-иқтисодий бўлинишларга йўл қўйилмаслигининг кафолатига айланади.

Кучли ижтимоий ёндашув янгиланаётган Конституциянинг бошқа қатор моддаларида ҳам акс этмоқда.

Хусусан, 47-моддада ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқини кафолатлаш учун шароит яратиш давлатнинг зиммасида бўлиши, 48-моддада эса Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги белгилаб қўйиляпти.

Куй-қўшиқ, хурсандчиликларга уланиб кетган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямиздаги меъёр ва қоидалар аҳоли вакилларига маъқул бўлаётгани, учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш