Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги тарғибот тадбирини Самарқанд вилоят Жомбой тумани Ғазира қишлоғидаги марказий стадионда ўтказди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Маълумки, Самарқанд мамлакатимиздаги муҳим иқтисодий ва маданий минтақа ҳисобланади. Қадим ўтмишга эга ушбу юрт бугунги кунда ҳам тараққиёт маркази сифатида хизмат қилмоқда. 2022 йил Самарқанд вилояти ва халқи ҳаётида муҳим янгилик ва ўзгаришларга бой бўлди. Самарқанд халқаро туристик марказининг фаолият бошлаши ҳамда бу ерда қисқа вақт ичида бир нечта йирик халқаро форумлар ўтказилгани алоҳида эътирофга лойиқ.
Янги таҳрирдаги Конституция, унга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланган Самарқанд аҳлини бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирига юзлаб фуқаролар тўплангани ҳам сўзимизнинг исботидир.
Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Улуғбек Вафаев сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция лойиҳасида энг аввало инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятларини оширишга катта масъулият билан ёндашилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида янги меъёрларнинг мазмун-моҳияти, таълим ривожи ва ёшлар ҳаётидаги ўрнига доир муҳим жиҳатлар хусусида тўлиқ маълумотлар берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланмоқда. Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланмоқда. Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар оляпти.
Хусусан, 79-моддада давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. 44-модда билан мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйиляпти.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар Бош қомусимизнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимча ва ўзгаришлар халқимизнинг турмуш фаровонлигига, инсон қадрининг юксалишига хизмат қилишини таъкидлаб, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.
Очиқ осмон остидаги тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрамона кайфиятда давом этмоқда.