Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадига айланмоқда
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадига айланмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтириш ва референдумда фаол иштирок этишга чақирувга бағишланган тарғибот тадбирлари Республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

“Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги мулоқот Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги Истироҳат боғида ўтказилди.

Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, ёшлар, умуман ўз келажагига бефарқ бўлмаган юзлаб хоразмликлар иштирок этди.

Қадим тарихга эга Хоразм воҳасида кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Бу кўҳна замин дунёга алгебра, алгоритм каби фанларга асос солган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, араб тилининг мукаммал қонун-қоидаларини ишлаб чиққан Маҳмуд Замаҳшарий сингари алломаларни берган. Буюк аждодлар давомчилари бугунги кунда ҳам изланишда, илмга чанқоқ. Ўз юрти келажагига даҳлдор ҳар ишда ғайратли.

Кўтаринки кайфиятда ўтган сиёсий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Улуғбек Вафаев сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямизда “ижтимоий бирдамлик” тамойили биринчи марта киритилаётганлиги, давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробарга ошаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳасида ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Аҳолининг саломатлигини тиклаш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар 48-моддада ўз аксини топган. Тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбурияти давлат зиммасига юкланиб, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш белгиланмоқда.

54-моддада инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида эътироф этилган. 55-моддада инсон ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар янада тўлдирилиб, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Бу моддалар юртимизда инсон қадри тикланаётгани, барча ислоҳотлар, вазифалар инсон фаровонлиги учун амалга оширилаётганини яққол ифодалайди.

Куй-қўшиқ, хурсандчилик кайфиятида ўтган тадбирда Конституциявий Қонун лойиҳасидаги шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янги меъёр ва қоидалар аҳоли вакилларига маъқул бўлаётгани, учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш