Ўқитувчи давлат ҳимоясида: уларнинг фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилинади
Ўқитувчи давлат ҳимоясида: уларнинг фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилинади

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва аҳолини референдумда фаол иштирок этишга ундайдиган сиёсий маърифат тадбирларини давом эттирмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент шаҳар, М. Улуғбек туманидаги Марказий боғда бўлиб ўтди. Тадбирда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг қиёфаси, инсонларнинг турмуш тарзи, фикрлаши тубдан ўзгарди. Юртимизда олиб борилаётган мислсиз ислоҳотлар натижасида улкан бунёдкорлик ишлари юқори паллага чиқди. Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйилди. Аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, қурилишларни шаҳар ташқарисида амалга ошириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, Тошкентнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш масалалари диққат эътиборда.

Кўтаринки кайфиятда ўтган сиёсий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, Янгиланаётган Конституциямиз жамиятимизда янгича, илғор сиёсий маърифатнинг юзага келишига хизмат қилиши, Конституция матнидаги нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилгани, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани инсон қадрини юксалтиришнинг пойдевори мустаҳкамланаётганидан далолат беришини таъкидлади.

Янги таҳрирдаги Конституцияни инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланганлиги туфайли Халқ Конституцияси деб бемалол айтишимиз мумкин. Жумладан, 20-моддада Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлиги, инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

50-, 51-, 52-моддалар фуқароларнинг таълим олиши билан боғлиқ бўлиб, Давлат мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим ҳамда Олий таълим бўйича кўплаб мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда. Ўзбекистон тарихида илк бор ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати Бош Қомус даражасида ҳимояланиб, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик белгиланмоқда.

Шунингдек, 57-моддага мувофиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. 115-моддада эса Вазирлар Маҳкамаси аҳолини, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаши зарурлиги белгиланган.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Конституцияга киритилаётган барча янги нормалар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам Конституциямиздаги янги меъёр ва қоидалар халқимизга манзур бўлаётгани, меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Тадбирда шижоатли, фаол ёшлар ҳам сўз олиб, тенгқурларини ўз келажагига бефарқ бўлмаслик, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш