Фахрийлар эътибор ва эъзозда
Фахрийлар эътибор ва эъзозда

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши медиамаркази мажлислар залида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Фахрийлар эътибор ва эъзозда” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги “Фахрийлар кенгаши” аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳузуридаги “Фахрийлар кенгаши” раиси Абдуллаева Шарбат Зулфиқоровна кириш сўзи билан очиб берди. Ш. Абдуллаева ўз сўзида ўтган давр мобайнида партиямиз мамлакатимизда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, партия илгари сурган ғоялар янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топгани ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишда партияда узоқ йиллар фаолият юритган жонкуяр инсонларнинг ҳам ҳиссаси катта эканини таъкидлади.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарипов Фирдавс Холназарович сўзга чиқиб, партия фаолиятида фахрийларнинг тутган ўрни, уларнинг фидойилиги, меҳнаткашлиги хусусида гапириб, ўз миннатдорлигини билдирди.

Эркин суҳбат тарзида ўтган тадбирда ХДП сафида узоқ йиллар фаолият юритган инсонлар сўз олиб, яшаб ўтган машаққатли ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб беришди. Ўзбекистон ХДП тарихи, фаолияти, қизиқарли воқеалар хотирланиши билан бир қаторда иккинчи жаҳон уруши даври ва ундан кейинги йиллар, мустақилликка эришилган йиллардаги фаолият, инсонларнинг турмуш тарзи осон кечмаганлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати якунида “Фахрийлар кенгаши” сафига янги аъзолар қабул қилиниб, барча қатнашчиларга гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш