Биттадан туманда камбағалликдан чиқариш дастури амалга оширилади
Биттадан туманда камбағалликдан чиқариш дастури амалга оширилади

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, одамларни яхши даромад манбаи билан таъминлашга қаратилган улкан ишлар қилинди.

2020 йилдан Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Мамлакатимизда камбағал қатлам мавжудлигининг тан олиниши соҳага доир сиёсатнинг дастлабки бурилиш нуқтаси бўлди.

Илгари бизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотларининг камбағалликни қисқартиришга доир ҳужжатлари (Poverty Reduction Strategy Paper) аҳоли турмушини яхшилаш қилиб бироз ўзгартирилган ҳолда бериларди. Яъни камбағаллик атамасига урғу берилмаган.

Бундан уч йил аввал бу масалада ёндашув ўзгарди. Ўша пайтда мамлакатда камбағаллар сони аҳолининг 12-15 фоизни ташкил этиши очиқ-ошкора айтилди. Турган гапки, камбағалликни қисқартириш масаласи иқтисодиёт ривожига боғлиқ.

Аммо назариядан ҳам, амалиётдан ҳам маълумки, биргина иқтисодий ўсиш асносида камбағаллик билан курашиб бўлмайди. Бунинг учун давлат сиёсати даражасидаги жиддий сайъ-ҳаракатлар асосида муайян чора-тадбирлар кўришни, аввало, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий дастурлар қабул қилиб, амалга оширишни тақозо этади.

Шу сабабли, маъмурий ислоҳотлар доирасида бу соҳаларга масъул вазирлик ташкил этилиб, барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилди. Қолаверса, юртимизда илк бор минимал истеъмол харажатлари қиймати жорий этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликка 15 триллион сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар, деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилган ҳолда, шу даврда 300 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 20 мингта корхона фаолияти кенгайтирилгани эътиборга моликдир.

Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баравар қисқартиришни ҳал этиш масаласи давлат дастуридан ҳам ўрин олган.

Президентимизнинг камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиши ҳам бу борадаги ишларнинг жадаллашишидан далолат беради. Зеро, унда бир қатор янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилди.

Эндиликда давлат салоҳиятли тадбиркорларга зарур маблағлар ажратиш билан бирга, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалалар бўйича енгилликлар бериш орқали янги иш ўрни яратишни рағбатлантиради.

Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бу жараёнда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу саъй-ҳаракатлар орқали кўплаб  фуқароларимиз тайинли ишли, даромадли бўлади. Қора қозони қайнаб, ҳаётдан мамнун яшайди.

Ишончим комилки, йиғилишда билдирилган таклифлар камағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштиришда муҳим омил бўлиш билан бирга, одамларнинг турмуш даражаси ва яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилади.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш