Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш орқали халқимиз фаровонлигига эришиш олий мақсад
Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш орқали халқимиз фаровонлигига эришиш олий мақсад

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида камбағалликни қисқартириш ва инсонларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши энг олий мақсад қилиб олинган. Мазкур мақсадларни амалга оширишнинг ҳуқуқий пойдевори Янгиланган Конституциямизнинг моддаларида ҳам ўз аксини топган. Давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш ишларини янги поғонага олиб чиқиш чора-тадбирлари хусусида сўз борди.

Маълумки, охирги уч йилда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилиниб, молиявий инструментлар, инфратузилма масалалари ҳал қилинди. Жорий йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилди.

Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда. Натижада ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Шунингдек, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ва Ижтимоий ҳимоя реестри орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинди.

Ҳудудларда инвестиция дастурлари доирасида ҳар йили 100 мингта замонавий корхона ишга тушмоқда. Бу эса, ушбу корхоналарга минглаб малакали мутахассислар кераклигидан далолат беради. Лекин касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникум ва мономарказларнинг бунча малакали мутахассисни тайёрлашга салоҳияти ҳали етарли эмас.

Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал қўллаб-қувватлаш натижасида охирги беш йилда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди.

Йиғилишда Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлигини қайд этди.

Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.  Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.

Бу маблағлар ҳисобидан камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади.

Шу билан бирга, тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади.

Шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади:

Мазкур имтиёзлар натижасида йил якунига қадар ушбу янги тизим асосида 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш чораларининг кўрилиши кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, юртимизда амалга оширилаётган ишлар ва яратилаётган имкониятлардан самарали фойдалана олсак, кўзлаган мақсадларимизга етамиз ва пировард натижа, халқимиз бой ва фаровон яшашига эришамиз.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш