Муносиб тайёргарлик кўрилмоқда
Муносиб тайёргарлик кўрилмоқда

 

Барчамизга маълумки, жорий йилда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади.

Партиямиз мазкур сайловда фаол иштирок этишини биринчилардан бўлиб маълум қилди ҳамда сайловга тайёргарлик жараёнларини бошлади.

Жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган мазкур сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз ғоя ва мақсадларини амалга оширишга интилиши кучайган, сайловчиларнинг сиёсий тафаккури юксалган. Айниқса, ёшлар ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатмоқда.

Ҳар қандай сиёсий партия сайлов кампаниясига киришар экан, ўзининг дастурий ғоя ва мақсадларини замон билан ҳамнафас такомиллаштириб боради. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бу сайловга режалари бор. Партиямиз сайлов кампаниясига киришар экан, ўзининг ғоявий ва дастурий ҳужжатлари, тарғибот воситаларини партия фаолларининг таклифлари асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз аввалги сайловолди дастурларини таҳлил қилдик, ғояларимизнинг асосий қисми амалга ошмоқда, қонунлар қабул қилинди, кўплаб ўзгаришлар бўлди. Шу сабабли уларга янгича нуқтаи назардан разм солдик.

Сайловолди дастури лойиҳасини тайёрлашда илмий доиралар ва партия фаоллари, депутатларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ва муҳокамалар ўтказилиб, янгича ёндашувлар ҳамда таклифлар ўрганилмоқда.

Бугунги кунда партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш, аҳолининг муаммолари ва уларни ташвишга солаётган масалаларни қуйи тизимгача тушиб ўрганиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сайловолди жараёнларига қаралса, номзод ўз дастурини эълон қилганидан сўнг, унинг тарғиботига киришилади. Жойларда жамоатчилик суҳбатлари, учрашувлар, оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланиш асосий масалага айланади.

Шу маънода, партиямиздан илгари сурилган номзод сайловолди штабида иш қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, сайловга партиямиз янгиланган стратегия ва дастури билан кириб келмоқда. Мазкур стратегияни амалга ошириш учун алоҳида медиа гуруҳ, жойларда аҳоли вакилларига номзод дастурининг устувор масалаларини тушунтириш бўйича тарғибот гуруҳлари ҳамда волонтёрлар жамоалари шакллантирилди. Умуман олганда, сайловолди тарғиботи жараёнларига пухта тайёргарлик олиб борилмоқда.

Тарғибот гуруҳлари ҳамда партияни қўллаб-қувватловчи волонтёрлар гуруҳлари махсус тренингларда ўқитилмоқда. Партия ходимлари ва фаоллари янги ташкилий-ҳуқуқий шароитларда сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун зарур кўникмаларга эга бўлмоқда.

Медиа гуруҳ жараёнга масъулият билан ёндашган, тарғибот тадбирлари, турли ёндошувларни амалга ошириш режалаштирилган. Номзод ҳақида автобиографик мазмунда видеоролик ва инфографикалар тайёрланмоқда. Жамоат жойларида мақсадли ижтимоий ва сиёсий тарғибот тадбирлари, учрашувлар ва бошқа оммавий тадбирлар амалга ошириш режа-жадваллари ишлаб чиқилмоқда.

Сайловолди ташвиқотига старт берилгач, Халқ демократик партияси қатор тарғибот лойиҳаларини амалга оширишга киришади. Хусусан, бу галги тарғибот жараёнларига партия фаоллари шижоат билан киришишган.

Аъзоларимизни кўпайтириш учун партиямизнинг маҳаллий ва бошланғич ташкилотлари мунтазам ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказмоқда.

Партиямиз, шунингдек, номзод ва унинг ишончли вакилларининг ҳар бир маҳалла, корхона ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш объектларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш бўйича “йўл харитаси”ни белгилаб олган.

Бунда, мулоқотларни номзод вилоят марказларида, ишончли вакиллар эса ҳар бир ҳудудда амалга оширади. Тарғибот воситаларининг яна бир самарали усулларидан бири – бу партия рамзи, номзоднинг фотосурати ҳамда партиянинг сайловдаги бош шиори акс этган ташқи реклама воситаларидан фойдаланиш. Партия тарғиботнинг ушбу усулидан самарали фойдаланади. Хусусан, республиканинг барча туман ва шаҳар марказий кўчалари, бозорлар атрофида ҳамда одам гавжум бўладиган ҳудудларга баннерлар ва билбордларни жойлаштириш, электрон мониторларга роликлар жойлаштириш, плакатлар ва тарқатма материалларни тарқатиш одамлар эътиборини тортади, албатта. Фақат бунда ноодатий шакллардан фойдаланиш яхши самара беради.

Юртимиз бўйича автобус ва метро бекатларида, бозорлар ва савдо марказларида, автотураргоҳ ва катта йўл ёқаларида, жамоат тарнспортларида партиянинг кўнгиллилар гуруҳлари ва фаоллари ёрдамида партия рамзи, номзоднинг фотосурати ҳамда партиянинг сайловдаги бош шиори акс этган материалларни тарқатиш масаласи ҳам эътиборда бўлади.

Партиямиз сайловга тайёргарлик жараёнларида қонунга мувофиқ равишда барча имкониятлардан самарали фойдаланади.

 

Фирдавс Шарипов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

«Ўзбекистон овози», 24.05.2022, №19

 

 

 

 

Теглар

Депутат Сайлов Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш