Президентликка номзод Навоий вилоятида сайловчилар билан учрашди
Президентликка номзод Навоий вилоятида сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар ҳузуридаги навбатдаги учрашуви Навоий шаҳрида бўлиб ўтди.

Учрашувда ёшлар, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Ташев олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмуни сайловчиларга тушунтириб берди.

Хусусан, номзод томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашнинг бош омили ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам номзоднинг сайловолди дастурида ушбу масалага устувор аҳамият қаратилган.

Бу борада фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилган.

Хусусан, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш бўйича таклиф катта ҳаётга қадам қўйиб келаётган ёш авлоднинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Дастурдан иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса, ишсиз аёллар сонини кескин камайтиришга, фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чораларини кўриш ташаббуси ҳам ўрин олган. Учрашувда ушбу таклиф Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида давлат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятларга ҳамоҳанг эканлиги ҳамда мамлакатнинг ижтимоий давлат мақомига мос келиши таъкидланди.

Учрашувда янграган яна бир ташаббус – кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш, шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантиришдан иборат.

Шу билан бирга барқарор иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган қонунчилик базасини ҳамда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, фуқароларнинг касбий тайёргарлиги, қайта тайёрланишини ташкил этиш ва рағбатлантириш бўйича ташаббус ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Номзод ушбу таклифлар фуқароларнинг ўз келажаги, оиласининг турмуш тарзини яхшилашга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш хизмат қилишига эътибор қаратди.

Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш ҳақидаги таклиф ҳам сайловчилар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Ушбу таклиф фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга, уларга ўз ишбилармонлик имкониятларини рўёбга чиқариш учун янада қулай ва кенгроқ шарт-шароитлар яратишга, шу орқали кўпроқ фуқароларни тадбиркорликка жалб этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда самимий ва кўтаринки муҳит ҳукмрон бўлди. Сайловчилар ўзларининг қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш