Қонун лойиҳаси депутатлар берган таклифлар асосида пишиқ-пухта ҳолатга келтирилди
Қонун лойиҳаси депутатлар берган таклифлар асосида пишиқ-пухта ҳолатга келтирилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, ўз фаолиятини шароити “оғир” туманларда амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари, электротехника тармоғи корхоналарининг ихтисослаштирилган марказлари учун бир қатор солиқлар (масалан, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ) бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.

— Йиғилишда қонун лойиҳасида белгиланаётган нормаларни атрофлича кўриб чиқдик, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев. — Эътиборлиси, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани, лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилганини эътироф этиш керак. Киритилаётган ўзгартишлар, албатта, солиқ тизимини такомиллаштиришга, бизнес муҳитини янада яхшилашга, аҳолининг фаровон яшашига хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг муҳимлиги, айниқса, партия электорати манфаатларига мос келиши ҳамда аҳолининг шароитларини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаб, уни бир овоздан маъқулладилар.

Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди ва қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш