Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлат ва жамият тараққиёти суръатини янги босқичга олиб чиқиш учун 7 устувор йўналишда юзта мақсадни қамраб олган ва 398 та банддан иборат ушбу дастур ижроси доирасида ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий соҳада рўёбга чиқарилаётган манзилли чора-тадбирлар партиянинг асосий электорати ҳисобланган эҳтиёжманд қатлам вакиллари ҳаётида яхши ўзгаришларга асос бўлаётгани қайд этилди.
Ҳисобот даврида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоизни, шундан ЯИМ таркибида саноат 5,6 фоизни, хизматлар 6,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик 3,8 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджети жами харажатлари 129,1 трлн. сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3 фоизга ўсган) бўлгани ҳолда айнан ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар 65,1 трлн. сўмга етди. Бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,4 фоиз кўплиги диққатга молик, албатта.
Йиғилишда ижтимоий дафтарларга киритилган аҳоли вакиллари, хусусан, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишдаги рақамларга кўра, ўтган ярим йил ичида "Аёллар дафтари"га киритилган 1 млн. 680 нафар эҳтиёжманд опа-сингилларимизнинг 771 минг 358 нафари (77,1 фоизи)га тегишли ёрдамлар кўрсатилган. Уларни ишга жойлаштириш, тадбиркорликни йўлга қўйиши учун кўмаклашиш, моддий ва тиббий ёрдам бериш, уй-жойини таъмирлаш ва янги бошпана билан таъминлаш шулар жумласидандир.
"Ёшлар дафтари"даги 295 минг 684 нафар йигит-қизнинг 149 минг 811 нафарига контракт тўлови, ўзини ўзи банд қилиши учун маблағ, муддатли харид хизмат бадали, ҳайдовчилик курслари, касб-ҳунарга ўқиш ва даволаниш мақсадлари учун жами 275 млрд. сўм миқдоридаги харажатлар давлат томонидан қоплаб берилди.
Депутатлар халқ фаровонлиги ва мамлакат барқарорлигини кафолатлашда ижтимоий ислоҳотлар ҳал қилувчи ўрин тутишини қайд этиб, ҳисоботга янада аниқлик киритиш учун ҳақли саволларни ўртага ташладилар.
Дейлик, Давлат дастурининг 37-бандига кўра, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш, уларни касбга тайёрлаш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Бироқ жойларга бориб ўрганилганида ёки ижтимоий тармоқларни кузатганимизда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларимиз сони камайиш ўрнига ортиб бораётгандек туюлмоқда, деди фракция аъзоси Шоҳиста Турғунова. Унинг қайд этишича, эҳтиёжманд оилалар, ёрдамга муҳтож аёллар ва ёшларга берилаётган кўмак салмоғи йирик рақамларда ифодаланаётган бўлишига қарамай, бу борада амалий натижадорлик у қадар сезилмаяпти. Ҳудудларда, айниқса, чекка, олис манзилларда аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш, педагогларни моддий рағбатлантириш, ҳақиқий муҳтожларга йўналтирилган ёрдамларнинг манзиллилигини кучайтириш соҳаларида ҳам жойларда камчиликлар кўзга ташланмоқда.
Фракция аъзолари муҳокама чоғида Давлат дастури ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, бунинг учун вазирлик-идоралар ўртасидаги ахборот ҳамда маълумот алмашиш, ҳамкорлик ва, табиийки, масъулиятни кучайтириш кераклигини айтиб ўтдилар. Ижтимоий ислоҳотларнинг натижадорлиги учун мутасадди вазирлик-идораларнинг шу йўналишдаги фаолияти бўйича депутатлик ва парламент назоратини кенгайтириш айни зарурат эканига урғу берилди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан фракция нуқтаи назаридан келиб чиқиб, тегишли қарор қабул қилинди.