Бўш вақт – бебаҳо вақт
Бўш вақт – бебаҳо вақт

 

Вақт бебаҳо неъматдир. Ундан барчамиз унумли фойдаланишимиз зарур. Айниқса, ёшларга ҳар бир кун, ҳар бир соат, ҳар бир лаҳза ғаниматлигини тушунтириш, англатиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади.

Шунинг учун мамлакатимизда сўнгги йилларда мактаб ўқувчиларининиг бўш вақтларини унумли ўтказиш ва мактабдан ташқари таълимни самарали ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги амалий ишлар, натижалар яққол кўзга ташланмоқда.  

Жумладан, республикамизда 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатиб, уларда ташкил қилинган 9 765 та тўгаракларга 287 153 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

Тўгаракларнинг хилма-хиллиги болалар ўзи шуғулланишни истаган машғулот билан банд бўлишида катта аҳамиятга эга. Турфалик, танлов имкониятининг кенглиги болалар ўзларини турли йўналишларда синаб кўришига хизмат қилади. Тўгараклар болаларда ота-онаси, устозлари англамаган, билмаган истеъдодларни кашф қилиши мумкинлиги ҳам муҳим масала.

Ахборот асри, тараққиёт даврида яшаяпмиз. Янгидан янги ихтиролар, енгилликлар, қулайликлар пайдо бўлмоқда. Бироқ, замонавий ишланмалар инсон хотираси сусайиши, миянинг таҳлил қилиш имкониятлари камайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Биргина уяли телефон аппаратига ёзиладиган рақамларни олайлик. Истаган вақт истаган одамга қўнғироқ қилиш имкони бўлгани билан у рақамлар бизнинг хотирамизда эмас. Миядаги эслаб қолиш функциялари ўз вазифасини бажармаяпти. Бу табиийки хотира сусайишига олиб келади. Ачинарлиси, бундан болаларимиз ҳам азият чека бошлади.

 Ёки йўлни кўрсатувчи қурилмалар. Бирор янги манзилга кетаётганимизда  қурилма кўрсатмаси бўйича ҳаракатланамиз. Бирор ким йўлни тушунтириши каби тушунчалар ҳозир деярли мавжуд эмас. Оқибатда миянинг таҳлил қилиш имкониятлари пасаймоқда. Шу сабабли ҳам ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш баробарида, уларни ахборот технологияларидан (муте бўлиб қолишга эмас) унумли фойдаланишга ўргатиш масаласи ҳам долзарб вазифалардан биридир. Бунинг учун уларнинг ўзидаги яратувчанлик қобилиятини юзага чиқариш чиндан ҳам самарали ечим бўлмоқда.

Мактаб ўқувчиларининг дарсдан ҳоли вақтларини мазмунли ташкил қилишда уларни ҳақиқатан қизиқтира оладиган йўналишлардан фойдаланиш муҳимдир. Жумладан, болалар иқтидорини ошириш учун доимий равишда турли форумлар, тўгараклар, робототехника ва тил курслари ташкил этилмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, ўқувчиларнинг ихтирочилик қобилиятларини ривожлантириш мақсадида 14 та ҳудудда тажриба конструкторлик бюролари фаолияти йўлга қўйилди. 25 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида хусусий секторларни жалб қилган ҳолда, робототехника, ментал арифметика ва хорижий тиллар курслари ташкил этилиб, доимий ишлаб турибди. Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермай қолмайди, албатта.

Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш мустақил фикрлаш ва кенг дунёқарашни шакллантиришда мустаҳкам пойдевордир. Ҳозирда ўқувчилар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларни кўп китоб ўқишга жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Китобхонликка оид турли фестиваллар ўтказилиб, болалар кутубхонасида аудио китоблар сони кескин оширилди.

Хусусан, таълим муассасасиларидаги 39742 та китобхонлик клубларига 502 355 нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинди. Республика болалар кутубхонаси томонидан 190 номдаги аудио китоблар тайёрланиб, “kitob.uz” веб-сайтига жойлаштирилди.

Болалар бир-бирига қизиқиб кўпроқ ва самаралироқ ўрганади. Шу жиҳатдан “Китобхонлик фестивали”, “60 дақиқа китобхонлик”, “Китоб маънавият ўчоғи” каби лойиҳалар ўтказилгани, улар орқали 140 минг нафардан ортиқ ўқувчи қамраб олингани китобсеварлик болаларда доимий туйғуга айланишида жуда муҳимдир. Китобхонлик ёшлар дунёқарашини кенгайтириши барбарида миллатимиз, анъаналаримиз, тарихимизга бўлган қизиқиш, ҳурматни ҳам оширади, деб ҳисоблайман.

Яна бир муҳим масала бор. Кейинги йилларда юртимизнинг диққатга сазовор гўшаларига саёҳатлар тез-тез ташкил этилаётгани ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини унумли ва мазмунли ўтказишда, уларнинг ўз Ватанини яхшироқ билиши, фахрланиш туйғуси ривожланишида беқиёс аҳамият касб этмоқда.  

Йил давомида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида 125 660 нафар, “Ёшлар туризм ҳафталиги” доирасида 192 705 нафар (шундан, 4 513 нафари ногиронлиги бўлган ўқувчилар), “Мозийга саёҳат” дастури доирасида 858 нафар вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда 63 870 нафар умумтаълим муассасаларининг ўқитувчи ва ўқувчилари саёҳатлари ташкил этилгани алоҳида таҳсинга сазовордир.

Яна бир муҳим йўналиш ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида мактаблар ўртасида ўтказилаётган турли спорт мусобақаларидир. Ўқувчилар ўртасида “Қувноқ стартлар”, “Ёшлик спорт жамоалари”, “Ёзги таътилни спорт билан ўтказамиз” каби спорт мусобақалари ўтказилиб, 2,1 млн. нафар ўқувчилар қамраб олинди.

2023 йил ёзги мавсумда 200 та стационар оромгоҳларда жами 157 минг нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган бўлиб, 183 та стационар оромгоҳларда 42 909 нафар болалар дам олишмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фарзандларимиз мактабда ва мактабдан ташқари вақтларини унумли ўтказиши учун кўплаб шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Тўгаракларга, касб-ҳунарга, машғулотларга, спортга қизиқтириш, йўналтириш эса ота-оналар, оилаларга ҳам боғлиқлигини унутмаслик лозим.

Излаган имкон топар, деб бежизга айтилмаган. Ёшларимизнинг жисмонан соғлом, ақлан етук, кўтаринки кайфиятда бўлиши оилаларимиз тинчлиги, фаровонлигини таъминлашига, Янги Ўзбекистонда йиллар давомида инсон капитали ўсиб, ривожланиб боришига замин яратади.

 

Мавжуда ХАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш