Аҳоли манфаатларига мос ташаббуслар
Аҳоли манфаатларига мос ташаббуслар

 

Мана, 32 йилдирки мустақиллик — муқаддас туйғу, буюк неъмат, энг олий қадриятимизга айланди. Айтиш мумкинки, истиқлолнинг ҳар бир йили воқеларга жуда бой, тарихий бурилишлар даври бўлгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Айниқса, 2022-2023 йиллар давомида улкан тарихий бурилишга менгзайдиган ислоҳотлар амалга оширилдики, бу Ўзбекистон Президенти томонидан Янги Ўзбекистон олдига қўйилган мақсаду вазифалар ижроси борасида ўз собитлигимизни яққол намоён қилди. Бир қатор муҳим сиёсий ва иқтисодий омилларга кўра, йил давомида дунё жамоатчилиги эътиборида бўлганимизни алоҳида айтиб ўтиш адолатдан бўлади, назаримда.

Ўтган йилги амалий ишлар асоси учун энг аввало, 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномани эслаб ўтишимиз жоиз, деб ўйлайман. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳам ички, ҳам ташқи хабарларнинг бош мавзусига айлангани бор гап. Зотан, Мурожаатнома моҳиятан Янги Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ истиқболда олдига қўяётган мақсад, вазифалари ҳақидаги энг ишончли “қўлланма” бўлган эди. Фикримнинг исботи тариқасида айрим жиҳатларни санаб ўтаман.

Президентимиз Мурожаатномасида “Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунинг учун янги йилда, 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади”, деб таъкидлаган эди. Бу борадаги ўзгаришлар эса ўз натижасини кўп кутдирмади.

"Маҳалла бюджети” тизими эксперимент тариқасида жорий этилган 14 та тумандаги 764 та маҳалланинг ўзида шу йилнинг I чорагида 45 млрд. 249 млн. сўм миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ундирилишига эришилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,8 бараварга кўп демакдир.

Дарҳақиқат, жорий қилинган тизим маҳаллабай ишлашни янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларининг бевосита маҳалла даражасига туширилишини таъминлади.

Пировардида, маҳалланинг ўзидаёқ кўплаб муаммоларни ҳал қилиш, жумладан, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, моддий ёрдам, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кутубхоналар, спорт майдончалари қуриш каби масалаларни ҳал қилишга мустаҳкам замин яратилди.

Ёки яна бир мисол, Мурожаатномада Тошкент шаҳри учун қўшимча равишда 1 мингта замонавий автобус сотиб олиниши, 7 та ер усти метро бекатининг ишга туширилиши, буларнинг ҳисобидан эса, ҳар куни 500 мингдан зиёд пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратилиши қайд этилган эди.

Бугунги кунда пойтахтимизда йўловчи ташишни мавжуд талаблар асосида такомиллаштириш орқали атмосферага заҳарли газлар чиқишини камайтириш, қатнов пайти интервалларни мақбуллаштириш ҳамда жазирама кунлари жамоат транспортларида қулай ҳарорат бўлишини таъминлашга эришилганини ҳаммамиз ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз ва аввалги йилга нисбатан анчайин такомиллашган хизматлардан фойдалана бошладик.

Қувонарлиси, метронинг янги бекатлари фойдаланишга топширилиб, уларни номлашда кенг жамоатчилик фикри инобатга олинди ва ўзига хос номлар қўйилди. "Тошкент метрополитени" ДУК матбуот хизмати маълумотларга кўра, тиғиз вақтларда Чилонзор йўналишида 1,5 дақиқалик, Ўзбекистон йўналишида эса 3-3.5 дақиқалик ҳамда Юнусобод йўналишида эса, 5 дақиқалик интервалда поездлар ҳаракати йўлга қўйилмоқда.

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан, соха мутасаддилари зарур чоралар кўраётгани ҳам аввало халқ манфаатларига тўла мослиги билан эътиборга молик.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллигимизнинг ўттиз иккинчи одими юртимиз учун залворли ва самарали босиб ўтилаётир. Зеро, ислоҳотлар нафақат сиёсий, маъмурий балки барча соҳаларда юқори суъратларда амалга оширилмоқда. Ривожланишнинг бундай юқори шиддатини бугун ҳаммамиз ҳис этмоқдамиз.

 

Зулайхо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Мустақиллик Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш