Мақсадлар ижтимоий соҳаларга қаратилган
Мақсадлар ижтимоий соҳаларга қаратилган

 

“Ўзбекистон-2030” стратегияси муҳим тарихий ҳужжат бўлиб, келгуси 7 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар стратегиясини қамраб олган. Бу сиёсий ҳужжат Янги Ўзбекистон келажаги учун, инсонлар тақдири учун жуда муҳимдир. Бешта устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад белгилаб олинган. Ҳар бир мақсадда кўзланган марраларимиз бор, ҳар бир мақсад халқимизнинг яхши яшаши ва фаровон турмуш кечиришига қаратилган. Мақсадлар аниқ, вазифалар аниқ, ижрочилар, масъуллар аниқ белгилаб берилган.

Стратегия билан танишар экансиз ижтимоий соҳага кўпроқ мақсадлар қўйилганлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, 22-29-мақсадларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар ўрин олган. Бу мақсадларда ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларнинг барчасини тўлиқ қамраб олинишига эришиш белгиланмоқда. Бу мамлакатимизда барча ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимиз ижтимоий ҳимоя қилинишини англатади. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир инсон бугун давлат ҳимоясида, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган инсонлар ягона реестри ташкил этилади. Хатловдан ўтказилади. Шунингдек, ижтимоий хизматларни мажмуавий амалга ошириш учун республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти ташкил этилиши белгиланмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг манзилли ва тизимли ҳимояси таъминланади. Бизнинг партиямиз электоратининг ижтимоий ҳимояси сайловолди дастуримизда илгари сурилган ғоя ва мақсадларимизга тўлиқ мос келади.

Бундан ташқари, стратегияда мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш ҳам ўрин олган бўлиб, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш ҳамда камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда. Бунинг учун албатта тизимли ишлар хонадонбай, фуқаробай ишлар ташкил этилади. Касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Пировардида партиямизнинг электорати бўлган фуқароларнинг яшаш шароит ўзгаради. Ҳаётда ўз ўрни ва келажагини белгилаб берувчи муҳим ислоҳотлардан рози бўлади. Муҳими инсон қадри деган шиор амалда ўз исботини топади.

Шунингдек, кекса авлод вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиш борасидаги ислоҳотларимиз изчил давом этади. 26-мақсадда нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳар йили бир миллиондан ортиқ нуронийлар учун республика бўйлаб диққатга сазовор жойлар, хусусан тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига саёҳатлар ташкил этиш, нуронийларни қўллаб-қувватлаш дастурларида амалга ошириладиган тадбирларни камида 30 фоизга ошириш белгилаб берилмоқда. Мамлакатимизда қариялар, нуроний отахону-онахонларимиз доимий давлатимиз эътиборида. Уч авлод учрашувлари, ҳар ўн ёшга бир фахрийнинг бириктирилиши уларнинг қадрини ва қаддини кўтариши шубҳасиз. Биз халқ вакиллари ҳам ушбу етти йилга мўлжалланган стратегиямизнинг мақсадларини аниқ ва пухта бажарилишида фаол бўлишимиз зарур деб ҳисоблайман. Бунинг учун ўз сайловчиларимизга ушбу муҳим тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти тушунтириб боришимиз, белгиланган вазифалар ижросида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз муҳим. Ҳар бир фуқаронинг ҳаётида муҳим бўлган ислоҳотлар ижрочисига айланиш, ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Шундай экан ислоҳотлар ташаббускори бўлиш, Ватан тақдири, келажагига бефарқ бўлмасак ўзимиз орзу қилган Янги Ўзбекистонни барпо эта оламиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш