Парламент аъзолари ҳудудларда: Назорат ва амалий ёрдам
Парламент аъзолари ҳудудларда: Назорат ва амалий ёрдам

 

Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Уларнинг сифатли ва самарали бажарилиши халқимиз учун жуда муҳим. Парламент аъзолари ҳудудларда ўрганишлар, назорат-таҳлил ишларини олиб бориб, парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинган.

Унга кўра, хусусан, жойларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш бўйича амалга оширилган ишлар ўрганилиши кўзда тутилган. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш ва маҳаллаларни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳам таҳлил қилинмоқда.

Натижалар, хулоса ва таклифлар қандай?

 

Ҳоким ёрдамчилари ишдан олинди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида олиб борилган ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, сессия ўтказилган. Унда асосан 2 та масала, яъни Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими томонидан 2023 йилнинг 7 ойи давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг ҳолати, белгиланган асосий вазифалар муҳокама этилди.

Биринчи масала юзасидан Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Ғулом Исломов ахборот берди. Таъкидланганидек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда янада самарадорликка эришиш мақсадида барча профилактика инспекторлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шаҳар бўйича 7 ой давомида барча йўналишдаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 тага (154-156), яъни 1,3 фоизга кўпайган. Олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан, айрим олди олиниши мумкин бўлган жиноят турлари ошишига йўл қўйилган. Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлилига кўра маҳаллаларнинг 18 таси ёки 50 фоизи «яшил», 8 таси ёки 22 фоизи «сариқ» ва 10 таси ёки 28 фоизи «қизил» тоифага киритилган.

Маълумотларга кўра, 7656 та кичик бизнес субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, жорий йилда 563 та юридик мақомдаги кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил этилган. Натижада 2 мингдан ортиқ аҳоли ишли бўлган.

Аммо шу йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 2004 та кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмаётган экан. Уларнинг 172 таси тугатилиб, 494 таси фаолияти соғломлаштирилган. Аммо 1338 та субъектнинг фаолият кўрсатмаслиги ёмон кўрсаткич.

2021 йил йил 3 декабрдаги «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Президент фармонига асосан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилган эди. «Ёрдамчи»лар фармондаги вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши кўзда тутилган. Жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар учун 47,2 млрд сўм лимит ажратилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 1 078 нафар фуқарога 19,8 млрд сўм (42 фоиз) имтиёзли кредитлар ажратилган, 2 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

Бироқ, қатор ҳоким ёрдамчилари томонидан етарли тарзда иш ташкил этилмагани, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмагани сабабли ажратилган ресурслардан самарали фойдаланилмаган. Ана шундай масъулиятсизликка йўл қўйган ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларидан озод этилди.

Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2023 йилнинг январь-июль ойларида қиймати 72,9 млрд сўм бўлган 21 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 127 та янги иш ўрни яратилиши керак эди. Амалда 98,7 млрд сўмлик 36 та (171 фоиз) лойиҳа ишга туширилиб, 185 нафар фуқаро ишли бўлган.

Бироқ, бу борада ҳам бир қатор камчиликларга йўл қуйилган. Жумладан, инвестиция дастури доирасида ишга туширилиши белгиланган қиймати 72 млрд сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилмай қолган. Бу эса 110 та иш ўрни яратилмаганидан далолатдир.

Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг саволлларига мутасадди ходимларнинг жавоблари тингланди, камчиликлар муҳокама этилди, уларни бартараф этиш юзасидан сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш керак

Жиззах вилоятида ҳам ўрганиш­лар олиб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Муқаддас Ўрозалиеванинг айтишича, ўрганилаётган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилмоқда.

— Хусусан, Дўстлик туманида 50 сотихдан 50-60 нафар фуқарога берилган ерни суғоришда муаммолар кузатилаётган экан. Бунга сабаб эса сув таъминоти етишмаган. Натижада айрим ёшлар меҳнатини чала ташлаб кетишга ҳам мажбур бўлган. Ваҳоланки, у ерда ташкил этилган узумзорлар, мош, ловия, тарвуз сингари маҳсулотлар пишиб, етилиш арафасида турибди. Аҳоли вакилларининг мурожаатига асосан туман сув таъминоти корхонаси билан боғланиб, масалани жойида ҳал қилишга эришдик. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Асосий йўналишларимиздан бири қонун ҳужжатларининг ижроси билан боғлиқ бўлиб, бу борада ҳам қатор масалалар аниқланди. Масалан, Янгиобод туманидаги ўрмон хўжалигига қарашли 300 гектар ерни е-аукцион савдога чиқариш орқали ҳар бир фуқарога бир гектардан ажратилса, 300 га яқин янги иш ўрни ҳосил бўлади. Ўрмон хужалигига қарашли бўлгани билан, ўша майдон айни пайтда қаровсиз ва ҳеч нарса ўстирилмаган. Фуқароларга берилса, манфаатдорлик ортидан фойдаланилмаётган майдондан анчагина даромад олса бўлади.

Туман қўшни Тожикистон билан чегарадош ҳудуд ҳисобланади. У ердаги «Сармич» МФЙда эркин савдо зонасини ташкил қилиш мумкин. 100 дан ортиқ тадбирлик субъектлари ишга туширилиб, 300 дан ортиқ янги иш ўрни ҳосил қилиш имкони юзага келади. Бундан ташқари, 3 миллион долларлик маҳсулот ёки хизматлар экспортини йўлга қўйиш мумкинлиги айтилди.

Аҳолини иш билан таъминлашнинг яна бир йўли – ҳудудда мой ишлаб чиқариш ўсимликлари ёки сабзавотлар етиштиришни амалиётга татбиқ этишдан иборат. Бунда ер ости сувлари ёрдамида томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш усулини қўллаш яхши самара беради. Бу бозорларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитишга ҳамда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Яна бир масала йўл инфратузилмаси билан боғлиқ экан. Чегарадош ҳудуд бўлгани боис, туман уч томонлама қўшни республика билан ўралган. Бу эса Тошкент-Зомин-Янгиобод йўналишида темир йўл ётқизишда муаммоларни юзага келтиради. Шу сабабли қўшни мамлакат ҳудудидаги Зафаробод туманидан ўтган 7 километрлик ўтказиш темир йўлини очиш зарурати ҳақида айтилди. Бу орадаги масофани 65 километрга қисқартиришга, инвесторларни жалб қилишга ҳисса қўшиши мумкин. Товар айланмасининг ҳаж­ми, санаторийларга келувчилар сони ҳам ошаркан.

Дўстлик туманида кичик тадбиркорлик массиви ташкил этилгани 2 мингдан зиёд йигит-қизни иш билан таъминлашга хизмат қилган. Мазкур ҳудуддаги ишларни бошқа жойларда ҳам тажриба сифатида қўллаш керак.

Бу ишларни амалга ошириш учун қонунчиликка айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасига таклифлар берилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, парламент вакилларига ҳамроҳлик қилаётган маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳудудлардаги ҳолатни таҳлил қилишга, муаммоли масалаларни яширмасдан, борича кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Уларни ҳал этишда қонуний ечим, амалий кўмак сўрашмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 13.09.2022, №36

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш