“Ўзбекистон – 2030” стратегияси — халқ стратегияси
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси — халқ стратегияси

 

Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кафолатлаш билан боғлиқ халқимиз ва давлатимиз ривожланиши тарихидан муҳим жой оладиган ҳужжатлар бўлди.

Унинг муҳимлиги ва ўзига хослиги шундаки, Стратегияда акс эттирилган 5 та асосий ғоянинг 4 таси бевосита айнан аҳоли, фуқаролар манфаатлари билан боғлиқ. Барқарор иқтисодий ўцисҳ орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш борасидаги стратегик мақсад-вазифалар партиямиз олдига қўйган қатор долзарб масалаларга амалий ечим бўлади.

Стратегиядаги устувор йўналишлардан бири ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш масаласидир. Бунинг замирида катта эзгу мақсадлар мужассамлашган. Хусусан, 2024 йил 1 январдан бошлаб, давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилишини йўлга қўйиш мажбуриятини олмоқда. Бу биринчи ўринда фарзандларимиз саломатлигига эътибордир. Жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб вояга етган шахслар, табиийки, соғлом фикрлаб, ҳаётда ўз ўрнини топа олади ва юрт тараққиёти учун ҳисса қўша олади.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиши, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилиши белгиланганлиги ҳам ёш авлоднинг салоҳиятини юзага чиқариш қанчалик муҳимлигини англатади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этиш, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланаётгани, яъни умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари “таянч мактаблар” томонидан янги таълим дастурлари, дарс ўтишнинг илғор методикалари ва ўқувчи билимини баҳолашнинг замонавий усулларига ўргатилиши таълимнинг умумюксалишига асос бўлади. Бу Ўзбекистонда ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар таълим олиш кафолатлари мустаҳкамланаётганидан далолатдир.

Яна бир муҳим масала. 2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилаётгани ҳам партиямиз электорати учун қувонарли янгиликдир. Бу орқали ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларни даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилмоқда.

Ушбу вазифалар ижроси тўғри ташкил этилса, минглаб оилалар, ёшлар, хотин-қизларнинг оғирини енгил қилишга эришган бўламиз. Ўз навбатида уларнинг ижтимоий фаоллиги, фаровонлиги ҳам ошади. Стратегияни 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда фуқароларнинг соғлиғини асраш, саломатлигини тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

2024 йил 1 январдан бошлаб, вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни, гемотопоетик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилиб, уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Натижада имконияти чекланган қанчадан-қанча фуқаролар давлат ва жамият мададига эга бўлади, ўзига ва ҳаётга ишончи мустаҳкамланади. Йилларни, бутун умрини фарзандини даволаш учун маблағ топишга сарфлаётган ота-оналар қалбига енгиллик киради, охири йўқдек туюлган муаммоларга барҳам берилади.

Мазкур ҳужжатнинг барқарор иқтисодий ўцисҳ орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши доирасида ҳам қатор муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, 2024 йил 1 январдан эътиборан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш тартиби жорий этилиши белгиланган. Мана шу битта чора ортида дунёдаги мураккаб вазиятда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаш, аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлашдек муҳим мақсад турибди.

Халқ демократик партияси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган барча мақсад-вазифаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, биринчи навбатда уларнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатлами, электорат вакилларига етказиш бўйича чоралар кўради. Жорий йилда амалга оширилиши кўзда тутилган вазифаларнинг бажарилиши билан боғлиқ жараёнларда парламентдаги фракцияси, бутун депутатлик корпуси ва барча даражадаги ташкилотлари ҳамкорлигида фаол иштирок этади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш