Марказий Осиё давлатлари тараққиётини креатив фикрлайдиган ёшлар белгилайди
Марказий Осиё давлатлари тараққиётини креатив фикрлайдиган ёшлар белгилайди

 

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Барча билдирилган ташаббуслар халқимиз ва дунё ҳамжамияти томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Шунингдек, нутқ аввалида давлатимиз раҳбари юртимизда кейинги йилларда амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтдилар.

— Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттиришда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғояни асос қилиб белгилаб, демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бормоқдамиз. Бош қомусимизга ҳам киритилган ўзгаришлар амалий қадамларимизнинг ёрқин ифодаси бўлди.

“Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз, деди президентимиз ўз нутқида.

Чиндан ҳам, қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, хотин-қизларни ва болаларни турли зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асос яратилди.

Янги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бутун жаҳонда кузатилган пандемик инқироз ёки геосиёсий зиддиятларга қарамай, Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш ва креатив фикрлайдиган ёш авлодни тарбиялаш – давлатимиз ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир.

Ҳамма учун очиқ ва сифатли таълим камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омилидир.

Мамлакатимизда таълим тизими тубдан ўзгарди. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди, 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича берган ташаббуслари нафақат миллий манфаатларимизга балки, минтақавий, жаҳон манфаатларига мувофиқлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

“Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурининг ишлаб чиқилиши эса, аллақачон ўзи самарасини бериб бораётган бешта мухим ташаббус тажрибамиздан қўшни давлатлар ёшларининг ҳам турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга, Марказий Осиё давлатлари тараққиёти учун хизмат қилади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш