Таълим ва ёшлар мавзулари доимий эътиборда
Таълим ва ёшлар мавзулари доимий эътиборда

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессиялари у ёки давлатнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суришда муҳим майдон ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси ҳам бундан ҳоли эмас. Давлатимиз раҳбари ҳар доимгидек, халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда илғор, долзарб таклифларни ўртага ташлади. Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида эришаётган ютуқларга тўхталди.

Дарҳақиқат, дунёда геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётган бир пайтда Ўзбекистонимизда ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати қатъий давом эттирилмоқда. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бормоқда. Хусусан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. Қабул қилинган “Янги Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режалаштирилмоқда. Аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор ошириш белгиланган.

Нажот билимда. Дунёни илм қутқаради. Шу маънода давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Бу бежизга эмас. Чунки очиқ ва сифатли таълим камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омилидир. Эътироф этиш керакки, мамлакатимиз охирги йилларда бу борада катта тажриба тўплади. Таълим тизими тубдан ўзгарди. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқида айтиб ўтганларидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, айниқса, ёш авлодни ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ натижаларга эришилди. Мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Ваҳоланки, бугунги кунда сайёрамизда йилига ўртача 120 миллиондан зиёд болалар мажбурий меҳнат, қуллик, қуролли можаролар гирдобига тортилмоқда. Кўпчилигимизга яхши маълум, бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Айнан Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Энди давлатимиз раҳбари мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарурлигига эътиборни қаратди. Бу борада Ўзбекистон тажрибасидан бемалол фойдаланиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон тажрибаси бунга чек қўйиш имкони борлигини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари олий минбарлардаги ҳар бир чиқишида ёшлар масаласини илгари суради. Бу сафар ҳам аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи долзарб аҳамиятга эгалиги тилга олинди. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ўтган ҳафта Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунида минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилса, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқлари ўрганилса, бундан барча ютади. Шу муносабат билан Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни, унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз ва глобал миқёсдаги муаммоларни ечишда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш