Олим РАВШАНОВ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:
– Президентимиз жорий йилда Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида бугунги кунда қишлоқларда яшовчи аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги, 12-15 фоиз аҳоли қатламини кам таъминланганлар ташкил этишини очиқ-ойдин айтиб ўтди.
Тўғри аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам пуллари тўлаб келинмоқда. Лекин бу уларнинг ҳаёт кечиришлари учун етарли эмас. Жойларга чиқиб аҳоли муаммоларини ўрганганимизда, сайёр қабуллар жараёнида ҳамда партия ташкилотларимиз ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлардан ҳам кўраяпмизки кам таъминланган аҳоли вакиллари олаётган ижтимоий нафақалар ёки моддий ёрдам пуллари уларнинг оддий кундалик эҳтиёжларига ҳам етмаяпти.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу масаланинг муқобил ечимларини илгари сурди. Яъни аҳолининг кам таъминланган қатламини тадбиркорликка ўргатиш, улар учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали камбағалликни камайтириш вазифалари белгилаб берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини боқимандалик кайфиятидан халос этиш, уларни тадбиркорликка ўргатиш орқали кам таъминланганлар рўйхатидан чиқариш борасида партиямиз тизимида бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.
Бу борадаги ишларимизни изчил давом эттирган ҳолда, кам таъминланган аҳоли вакилларини оилавий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, улар учун янги иш ўринларини ташкил этиш устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб боришни олдимизда турган устувор вазифа деб биламан.
Жорий йилда кексалар, жумладан, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарурлиги, бу тоифа учун ажратилаётган ижтимоий тўловлар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Биз ушбу тоифа инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган сиёсий куч сифатида, бу борада ўзимизнинг аниқ таклифларимизни илгари суришимиз керак.