Меҳр ва самимийлик нутқи
Меҳр ва самимийлик нутқи

 

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги катта нутқини қорақалпоғистонликлар ҳам диққат билан тинглашди. Нутқда дунёда кескин экологик вазият кечаётгани, иқлим ўзгариши, биохилмахиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб кетаётгани хавотир билан таъкидланди.

Ана шундай мураккаб шароитда глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилаётгани таъкидланди. Шундай, бунга биз гувоҳмиз. Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй­ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб­қувватлаши жуда муҳимлигига сессия иштирокчилари эътибори қаратилди.

Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўп кўтарилган. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетган. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши хавфи бор.

Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш мақсадга мувофиқ, албатта. БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилиши қорақалпоғистонликларни ҳам мамнун қилди.

Иқлимни битта давлат ёлғиз ўзгартира олмайди, сақлай олмайди. Бу ҳамжиҳатлик билан бўладиган иш. Фақат биргаликда курашиб, катта муваффақиятларга эришиш мумкин. Бунинг учун келгуси йил Самарқандда халқаро иқлим форумини ўтказиш таклифи айни муддао бўлди, деб ҳисоблайман.

Кейинги вақтларда Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон учун “яшил энергетика” стратегик вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан оқилона фойдаланишга имконият беради. Президентимизнинг ташаббуслари ўзининг долзарблиги ва ҳаётийлиги билан аҳамиятли эканини жуда яхши тушунамиз.

Инфратузилма яхшиланса, инсон яшаши, болалар ўқиб-ўрганиши, ўйнаб кулиши учун шароит бўлса, жамиятдаги иқлим ҳам тез ўзгараркан. Мен буни Қорақалпоғистон мисолида кўряпман.

Имконияти йўқлиги туфайли ёрдамга муҳтож оилалар давлатимиз томонидан ҳимояланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил бошидаги Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора­тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари хатловдан ўтказилди.

Қорақалпоғистонда 424 маҳалла мавжуд бўлса, шундаги 21803 та уй-жойни таъмирлаш учун 343,9 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, 21094 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатига келиб қолган уй-жойларни янгидан қуриш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шунча рақам бир оғиз гапдай айтилади. Лекин катта эзгу ишни режалаш, амалга ошириш осон бўлмайди. Бунинг учун аввало, халққа меҳр кўп ва самимий бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг турмуши, эҳтиёжманд одамларнинг кўнглини яхши билади. Ҳаммамиз у кишидан ўрнак ва ибрат олиб, муаммоларни ҳал қилиш учун интилишимиз зарур.

Албатта, инсон қадрини улуғлаш, одам бугун ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши кераклиги борасида олиб борилаётган ўзгаришлар юртдошларимиз қалбига кириб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78­сессиясидаги нутқ ҳам юртдошларимизни оддий ва эзгу мақсадлар сари чорлайди.

 

Халилла Ешимбетов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 27.09.2022, №38

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш