Янги ҳуқуқий макон
Янги ҳуқуқий макон

 

Ҳафта аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракцияларида бир Қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди. Ўша куннинг ўзида лойиҳанинг айрим тафсилотлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди, ҳар хил муносабатлар, баъзи меъёрлар бўйича турли талқинлар берилди. Жамоатчиликда парламент, сиёсий институтлар фаолиятига қизиқиш ортиб бораётганига қувонарли ҳол, ўзига хос ютуқ, деб қараш тўғри бўлади.

Парламент фаолиятига тааллуқли бўлган мазкур қонунни шарҳлашга ҳаракат қилдик.

Лойиҳа 17 та моддадан иборат бўлиб, у билан 13 та қонунга ва 1 та Кодексга (Сайлов кодекси) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги, «Прокуратура тўғрисида»ги каби бир қатор йирик қонунлар ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Олий Мажлис Сенатига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагилар:

  1. Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий­ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолиши;
  2. Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатиш;
  3. Бош прокурорнинг ҳар йили ҳисобот тақдим этиши тартибини сақлаб қолиш.

Шунингдек, сенатнинг бир қатор ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда:

—­ Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

—­ Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;

—­ Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда:

— Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши;

— фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт­шароитларига кўра Спикер ўринбосарига тенглаштирилиши каби меъёрлар ўрин олган.

Жамоатчилик орасида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати борасида бу қандай шароитда ва тартибда бўлиши масаласида тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Сабаби, бу бизнинг қонунчилик амалиётимизда йўқ эди. Лекин хориж тажрибасида бу меъёр амалда мавжуд.

Виждонли, ўзига танқидий нигоҳ билан баҳо берадиган инсонлар сайловчилар томонидан юклатилган вазифани бажара олмаган тақдирда ўз ихтиёри билан истеъфо бериши соғлом муҳит ҳукмрон бўлган жамиятлар учун нормал ҳодиса.

Бу меъёр аслида ўзига холис баҳо бериш ва зиммасидаги шарафли вазифани бажара олмаган тақдирда палаталар ҳам ўз ихтиёри билан фаолиятини тўхтатишини назарда тутади. Алоҳида қайд этиш керакки, бу демократик меъёр.

Агар шундай ҳолат юз берса, Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой, Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.

Қолаверса, Қонунчилик палатасига киритиладиган қонунчилик таклифларини кўриб чиқишнинг ҳам янгича тартиби белгиланмоқда:

­— 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши белгиланмоқда.

Қонунчилик таклифида муайян қонунни қабул қилиш, ўзгартириш киритиш, бекор қилиш зарурати асослантирилиши ҳамда унинг ғояси ва кутилаётган натижалар ҳақида маълумот бўлиши керак.

Унга кўра, фуқаролар томонидан киритилаётган қонунчилик таклифи бўйича 100 минг нафарлик имзо варақалари тақдим этилади, улар камида 8 та ҳудудда (вилоятда), шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган фуқаролар ўртасида мутаносиб тақсимланган бўлиши талаби қўйилмоқда.

Зеро, фуқаролар томонидан киритиладиган қонунчилик таклифининг предмети ҳудудий яхлитликни ўзгартириш, амнистия ва афв этиш, мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш каби масалалар бўлмаслиги кўзда тутилган.

Хўжалик бошқаруви органларига палаталар томонидан парламент сўрови ҳамда депутат ва сенатор сўровларини юбориш, шунингдек, уларнинг ахборотини эшитиш ваколатлари бекор қилинмоқда.

Хўжалик бошқаруви органи деганда, таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан, давлат­акциядорлик компаниялари, муассис­корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис­корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йўли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар тушунилади.

Қонун билан хўжалик бошқаруви органи фаолиятига оид сўровлар бундан кейин Ҳукуматга ёки тегишли давлат органига юборилиши белгиланмоқда.

Лойиҳада назарда тутилишича, парламент текширувини Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси ўтказади.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси қўмиталарига Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботлари ва давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.

Энди Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбарининг ваколатлари алоҳида моддада аниқ белгиланади. У умумий раҳбарлик, фракциянинг келишилган позициясини баён қилиш, Қонунчилик палатаси билан музокаралар олиб бориш, ҳамкорликни таъминлаш, фракция номидан иш кўриш, ҳужжатларни имзолаш ва бошқа ваколатларга эга бўлади.

Бундан ташқари, депутат ва доимий ишлайдиган сенаторларнинг ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолият билан бир қаторда ижодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш ҳам лойиҳадан четда қолмаган.

Депутат ва доимий ишлайдиган сенаторларнинг меҳнат таътили давомийлиги 36 иш кунидан иборат эканлиги белгиланмоқда.

­— Ҳисоб палатаси раиси Сенат маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинланиши, палатанинг Президент ва Қонунчилик палатасига ҳисобдорлиги;

—­ Бош прокурор Сенат томонидан номзоди маъқулланганидан сўнг Президент томонидан лавозимга тайинланиши, бир шахс 2 муддатдан ортиқ Бош прокурор бўлиши мумкин эмаслиги;

—­ Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод Сенат билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан кейин Президент томонидан тайинланиши каби меъёрлар ҳам лойиҳадан ўрин олган.

Қонун устуворлиги ҳуқуқий­демократик давлатларнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан жорий йил референдум асосида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциямизга амалдаги қонунларимизни мослаштириш мақсадида амалга оширилаётган ташаббуслар том маънода давлатчилигимиз илдизини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кундай аён. Бир сўз билан айтганда, янги Конституция билан янги ҳуқуқий маконни яратиш ишлари шиддат билан амалга оширилмоқда.

 

Аҳмад Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 27.09.2022, №38

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш