Маҳаллага ҳам ваколат, ҳам масъулият берилмоқда
Маҳаллага ҳам ваколат, ҳам масъулият берилмоқда

 

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг замирида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий мазмун ва моҳиятини ташкил этади. Бу борада давлат органларининг фаолияти айнан шу сиёсатни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, давлатни том маънода ўз халқига хизмат кўрсатадиган институтга айлантиришдан иборатдир. Айнан шунинг учун хам бундай сиёсатни шакллантириш мақсадида нафақат давлат, балки жамият бошқарув тизимини такомиллаштириш, хусусан маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолият самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди ва бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Маҳалла институтининг мақомини Ўзбекистон Конституцияси даражасида мустаҳкамланишининг асосий мазмун ва моҳияти шундан иборатки, эндиликда давлатнинг ижтимоий сиёсати туман ёки шаҳардан эмас, балки маҳалладан бошланади. Чунки янгиланган Конституцияга биноан Ўзбекистон ижтимоий давлат экан, унинг бу борадаги сиёсати айнан маҳалладан бошланиши мантиқан тўғридир. Охирги етти йилда маҳалла институтини такомиллаштириш давлатнинг диққат эътиборида бўлиб, бу борада ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айнан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари 42 та ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эса 51 тани ташкил этади.

Маҳалла институтини жамият бошқарув тизимида янада мавқеини кучайтириш, унинг институционал асосларини такомиллаштириш ва шу орқали чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳолини қийнаб турган муаммоларини мустақил равишда ўзи ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қурби етадиган етакчи фуқаролик жамияти институтига айлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор ҳам маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтиришга қаратилди десак муболаға эмас. Йиғилишда “Маҳалла бешлиги” тизими яратилганлигига қисқа вақт бўлсада, ўз самарасини бераётганлиги, лекин бу қилинган ишларни янада яхшилаш, бу билан тўхталиб қолмаслигимиз, маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда таҳлиллар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда жойларда “бешлик” ягона жамоа сифатида ишламаётганлиги, ҳар бири ўз вазирлигига ҳисобдор эканлиги, ижтимоий дафтарлардаги маблағларни тўғри тақсимлашда “бешлик”нинг ҳамкорлиги, маҳалла раисининг ўрни билинмаётганлигини кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, йиғилишда “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари маҳалладаги масъуллар томонидан алоҳида-алоҳида юритилаётганлиги, уларнинг ишларида такрорланиш бўлаётганлиги кўрсатиб ўтилди. “Бешлик” зиммасига юклатилган вазифалар ҳаддан ташқари кўп эканлиги, мутасадди раҳбарлар эса буни таҳлил қилмаётганлигини, аниқ иш методикаси ишлаб чиқмаётганлигини танқид қилинди. Маҳалла ходимларининг кўп вақти “қоғоз” тўлдириш ва мажлислар билан ўтиб кетаётганлиги, бу эса уларнинг ўзининг ваколатли ишларини бажаришда халақит бераётганлигини алоҳида таъкидланди.

Маҳаллалардаги муаммо ва масалаларни ҳал этишда эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш учун берилган маблағларни ажратиш қарори вилоят ва туман ташкилотлари, айримларида республика идорасига боғланиб қолгани, ишларимизнинг натижадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, эндиликда “бешликка” солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиши қайд этилди. Маҳаллаларда ишлаш янгича ёндошувлар асосида ишни ташкил этилиши, амалдаги “бешликка” солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” бўлиши лозимлигига тўхталди юртбошимиз.

Мазкур йиғилишда ҳар бир маҳалла ходимларига вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилди. Шунинг билан биргаликда, маҳалла раисларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда. Маҳаллада фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланиши, “еттилик”ни рағбатлантириш ёки уларга интизомий жазо чораларини тайинлаш бўйича уларнинг юқори идорасига тақдимнома киритиш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилмоқда. Маҳалла раисига бу ваколатларнинг берилиши эртага маҳаллада еттиликнинг бир мушт бўлиб ишлашига хизмат қилади. Шу билан бирга, жойларда маҳалла ходимларининг раисга бўйсунмаслик каби муаммоларнинг ечимини топишга замин яратади.

Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилиши, республика кенгашига Бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилиши белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари маҳаллалардаги муаммоли масалалар ечим топишида илмий асосланган янги ёндошувлар ишлаб чиқиш зарурлигини, мутасаддиларига янги тизимни йўлга қўйиш, маҳалладаги муаммоларни ҳал қилишга илмий ва нодавлат ташкилотларни ҳам жалб қилиши, уларга алоҳида грантлар жорий этиш, “маҳалла еттилиги”нинг амалдаги ишлайдиган аниқ вазифаларини белгилаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар юзасидан қатор топшириқлар берилди.

Келгусида бу янгича тизимнинг жорий этилиши, маҳалланинг ўзида туриб муаммоларни ҳал этишга, пировардида халқнинг ортиқча вақт сарфлаб сарсонгарчилигининг олдини олишга замин яратади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш