Имконияти чекланганлар манфаатлари — доимий эътиборда
Имконияти чекланганлар манфаатлари — доимий эътиборда

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу кўрсаткич курраи замин аҳолисининг 15 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда ҳам бундай инсонлар сони кам эмас. Бу эса шуни англатадики, уларга таълим бериш, муносиб ва қулай шароит ҳамда иш ўринлари яратиш масаласи ниҳоятда долзарбдир.  Сир эмас, таълим олиш, иш топишда  кўп ҳолларда улар қийинчилик, тўсиқларга дуч келади.

Шуларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, ушбу қатлам бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар олиб борилди. Ногиронлиги бор инсонларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратилмоқда.

Фикримизни рақамлар билан далиллайдиган бўлсак, 2022 йилда мингга яқин иш берувчига 1 805 нафар ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгани учун субсидия ажратилган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига эса 659 та иш берувчига 1 412 нафар ногиронлиги бор шахсни ишга қабул қилгани учун 6 ойгача БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилди.

Ушбу тоифаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ногиронлик пенсия ва нафақаларнинг энг ками миқдори 747 минг сўмга етказилди. Бу, нафақа миқдори 2017 йил бошига нисбатан 5,1 бараварга ўсганини англатади. Чунки қайд этилган даврда энг кам ногиронлик пенсия миқдори 146,5 минг сўм эди.

Ислоҳотларнинг бардавомлиги ва изчиллиги ўлароқ 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга ҳам ҳар ойда янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилди. Бугунги кунда ушбу ижтимоий ҳимоя миқдори 568 минг сўмни ташкил этмоқда. Унинг жорий этилиши натижасида 64 мингга яқин оилага ана шундай нафақа тўлаб берилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда иш стажи ва иш ҳақиларини инобатга олган ҳолда ҳар 2 йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Натижада, жорий йилда 75 мингдан зиёд ногиронлиги бор фуқароларнинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилиниб,  ўртача 300 минг сўмгача ошади.

Шунингдек, келгусида ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин меҳнат фаолиятини олиб борган 43 мингдан зиёд бундай шахсларнинг пенсиялари ҳар 2 йилда (иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб) бир маротаба қайта ҳисоблаб борилади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жорий йил бошидан эътиборан Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан йилига қўшимча равишда ўртача 275 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда. Қолаверса, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида ижтимоий адолат тамойили муҳрлаб қўйилди. Демак, эндиликда ижтимоий адолатни таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бу эса, ўз навбатида, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни янада жадаллаштириш имкониятини беради. 

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш