Сайловнинг аралаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда
Сайловнинг аралаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда

 

Юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтириш, вакиллик органларига сайланган депутатлар ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ва марказлашган сайлов органлари тизимини шакллантириш, уларнинг профессионал тайёргарлигини таъминлаш зарурияти юзага келмоқда. Зеро, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ҳамда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи саналар экан, уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларни кўзлаб, иштирок этишларини таъминлашда аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи анчадан бери илгари суриб келинмоқда. Боз устига, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг қабул қилинганлиги ҳам амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб этмоқда. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар, яъни ҳозиргидек муайян округлар бўйича энг кўп овоз олган номзодлар сайланиши, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз бериш орқали партиялар томонидан кўрсатилган рўйхат асосида номзодлар сайланиши назарда тутилади. Бундай сайлов тизимида партиялар муҳим ўрин тутади. Улар аҳоли билан муносабатларини таъсирчан ва натижадор бўлишига ҳаракат қилади. Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади. Бу эса жамиятимизда сиёсий плюрализм бўлишини таъминлайди. Пропорционал сайлов тизимида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан партиявий рўйхат асосида тақдим этилади. Агар халқаро амалиётга эътибор берадиган бўлсак, қатор хорижий давлатлар қонунчилигида, шунингдек, Венеция комиссиясининг «Сайлов масалаларига оид лозим даражадаги амалиёт тўғрисида»ги кодексида «партиявий рўйхат» (партй лист) тушунчаси қўлланилган.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексини — янги 401- ва 421- моддалари билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Ушбу янги моддаларда сиёсий партиялар томонидан шакллантирилган депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатини рўйхатга олиш ва партия рўйхатидан депутатликка номзодни чиқариш тартиблари ва аниқ механизмлари белгилаб берилмоқда. Хусусан, 401-модда партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниши, рўйхатга олиш учун тегишли ҳужжатлар рўйхатга олиш муддати тугашига камида етти кун қолгунга қадар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилиши, партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланиши, рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни беш кунлик муддатда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилиниши, белгиланган тартибда рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилганлар депутатликка номзод мақомини олиши ва уларга гувоҳнома берилиши тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган. Айтиш жоизки, белгиланган тартибда рўйхатга олинган партия рўйхатларининг кенг жамоатчилик эътиборига эълон қилиш қоидасининг белгиланиши, сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг жорий этилаётган очиқлик ва ошкоралик принципларига тўла мос келади.

Шунингдек, айрим ҳолатларни истисно этган ҳолда, рўйхатга олинган партия рўйхатига ўзгартириш киритиш мумкин эмаслиги қоидаси ҳам таклиф этилаётган моддада мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу киритилаётган қоиданинг муҳим нормалардан бири, деб айтиш мумкин. Сабаби, ушбу қоида партия томонидан шакллантирилган номзодлар рўйхатига ташқаридан таъсир кўрсатишнинг ҳар қандай имкониятларини ва умуман инсон омилини минималлаштиришга ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Сир эмаски, амалдаги қонунчилигимизда мажоритар сайлов тизими асосидаги депутатликка номзодларнинг номзодлик мақомидан маҳрум этиш ҳамда унинг номзодликдан воз кечишига оид қоидалар белгиланган. Худди шундай, пропорционал сайлов тизимида партиявий рўйхат асосида берилган депутатликка номзодларни номзодлик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва воз кечиш институти қонун лойиҳасида белгилаб берилмоқда. Яъни ушбу муносабатларни тартибга солиш учун лойиҳа билан Сайлов кодексига киритилаётган 421-моддада партиявий рўйхатга киритилган номзодларни ушбу рўйхатдан чиқаришнинг аниқ 9 та асослари белгиланмоқда.

Мазкур моддада агар депутатликка номзод ихтиёрий ариза берганда, партия аъзолигидан чиққанда, номзодлик мақомидан маҳрум этилганда, депутатлик ваколатига мувофиқ келмайдиган лавозимга ўтганда, унинг бошқа партия рўйхатида ҳам номзоди кўрсатилганда, бошқа партиянинг аъзоси эканлиги аниқланганда, вафот этганда, муомалага лаёқатсиз, деб топилганда, шунингдек, оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда, унинг бир мандатли сайлов округидан ҳам номзоди кўрсатилганда партия рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

Шу ўринда агар юқоридаги асосларга кўра, белгиланган тартибда рўйхатга олинган партиявий рўйхатдаги номзодлар ушбу рўйхатдан чиқарилса ёки пропорционал тизим асосида шакллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса уларнинг ўрни қандай тўлдирилади, деган ҳақли савол туғилади. Бундай ҳолатларда лойиҳа билан шундай қоида белгиланяптики, унга кўра, бўшаб қолган номзод ёки депутат ўрни тегишли партия рўйхатидаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан рўйхат кетма-кетлиги асосида тўлдирилади.

Умуман олганда, Конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида референдум ва сайлов тўғрисидаги қонунчилик янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилади, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилади. Қолаверса, сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш