Солиқ имтиёзлари туфайли зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари 12 фоизга арзонга тушади
Солиқ имтиёзлари туфайли зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари 12 фоизга арзонга тушади

 

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қийин аҳволга тушиб қолган оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, ушбу турдаги оилаларга зарурий озиқ овқат маҳсулотларини харид қилишлари учун айрим солиқ имтиёзлари жорий қилинди. Мисол учун, Президентимизнинг 2023 йил 5 апрелдаги тегишли қарорига кўра, шу йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан қўй, парранда ва мол гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи сотиб олганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов (кэшбек) ўрнига 12 фоиз қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий. Хўш, ҚҚСни қандай қилиб қайтариб олиш мумкин?

Уни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги истеъмолчи Soliq мобил иловасини юклаб олиб, FACE IDорқали рўйхатдан ўтиш ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканер қилиши лозим. Қўшилган қиймат солиғини қайтаришда сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кирганлиги, харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” да эканлиги ҳамда тадбиркор қўшилган қиймат солиғи тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.

Агар реестрдаги истеъмолчи ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб, чекни рўйхатдан ўтказганда ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12 фоиз, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1 фоиз кэшбекка эга бўлади. ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан қўшилган қиймат солиғи қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда 1 фоиз кэшбек қайтарилади.

Қўшилган қиймат солиғи суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 25 санасидан сўнг Soliq мобил иловаси орқали тўлаб берилади. Ҳозирги кунга қадар 84 714 нафар истеъмолчига 3 млрд 652 млн сўмдан ортиқ ижтимоий тўлов тўлаб берилди.

Аммо аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш учун яратилган бундай шарт-шароитлардан нотўғри фойдаланиш, бировнинг ҳақи эвазига даромад олиш истагида бўлган фуқаролар ҳам учраб туриши кишини ўйлантиради, мушоҳадага чорлайди.

Масалан, бир фуқаро қўшилган қиймат солиғини қайтариш мақсадида харид суммаси 650 млн сўмлик, бошқа бир фуқаро эса 481 млн сўмлик чекни Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказган. Бу эса кам таъминланган аҳолига ижтимоий тўлов бериш моҳиятига зиддир. Чунки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар киритилади ҳамда бундай эътироф этиш мезони сифатида минимал истеъмол харажатлари асос қилиб олинган.

Қайд этиш жоизки, ижтимоий нафақалар ва тўловларнинг тайинланиш механизмларини такомиллаштиришдан асосий мақсад — ушбу турдаги давлат ёрдамини мақсадли сарфланиши яъни нафақага ҳақиқатдан ҳам муҳтожларга берилишини таъминлашдир. Эҳтиёжманд оилаларга қўшимча ёрдам сифатида жорий қилинган кэшбек механизмидан ҳозиргача қарийб 100 минг бор фойдаланилган ва сезиларли даражада молиявий чегирма олинган.

Шу нуқтаи назардан айтганда, ёрдамга муҳтож бўлмаган шахслар томонидан ушбу хизматдан фойдаланиш кўплаб оилалар учун имкониятларни пасайтиради. Ахир ижтимоий тўлов кўпгина оилалар учун қўшимча даромад манбаи эканини унутмаслигимиз керак.

 

Шербек  БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш