Қардош халқлар билан юксак мақсад сари
Қардош халқлар билан юксак мақсад сари

 

Маълумки, ўзбеклар туркий халқлар таркибига кирувчи тили, дини ва қадриятлари бир-бирига яқин бўлган қардош халқлар билан тарихан бир ҳудудда шаклланиб, ривожланиб келган. Шарқдан Хитой ва ғарбда Европагача чўзилган ҳудудларда жойлашган туркий тилли халқларнинг бугунги кунгача ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланиши ва тараққий этишида уларнинг ўзаро бирдамлиги, тили ва эътиқодига ҳурмат, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлиги ҳамда маданий алоқаларнинг мустаҳкамлиги сабаб бўлмоқда, дейиш мумкин.

160 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган Туркий давлатлар ташкилоти ташкил этилганига ҳам 14 йил тўлди. Бугунги кунда мазкур ташкилот янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб боряпти.

Жорий йил 2-3 ноябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг “Туркий давр” шиори остидаги навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда 10 та муҳим стратегик ҳужжатлар имзоланди.

Ш.Мирзиёев Ўзбекистон раислигида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги нутқида ташкилотга аъзо қардош давлатлар билан олиб борилган илмий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий алоқаларидаги ютуқларини эътироф этиб ўтди.

Шу ўринда, бугунги кунда давлатлар ўртасидаги ишонч инқирози тобора авж олаётгани, глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани, айрим давлатларнинг ташқи сиёсатида халқаро ҳуқуқ меъёрларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.

Саммитда давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг яқин ва узоқ келажаги, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги юзасидан ҳам бир қатор муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Жумладан, Ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш, Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган “Туркий дунё хартияси”ни ишлаб чиқиш;

– давлатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш;

– Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тезроқ якунлаш;

– глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш. Темир йўл идоралари кенгаши дирекциясини юртимизда жойлаштириш;

– экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида доимий фаолият кўрсатувчи Туркий экология форумини тузиш;

– янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш каби муҳим таклифларни илгари сурди.

Юртбошимиз нутқидаги муҳим бир масала барчани яна бир бор сергакликка тортди. Кўп миллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақада стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, бунда нафақат Ўзбекистон балки Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар биргаликда Афғон халқига ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиши муҳимлигини таъкидлади.

Туркий тилли давлатларнинг олдига қўйган олий мақсадлари ҳам халқлар ўртасида тинчлик ва хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий, маърифий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, азалий яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

 

Ҳусан Абдуниязов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш