Фракциямизнинг позицияси қатъий
Фракциямизнинг позицияси қатъий

 

2024 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Мамлакат ҳаётига дахлдор масалаларда Парламентнинг иштироки кучайиб, қонунларни қабул қилиш жараёнига фуқаролар фаол муносабат билдириб, бефарқ бўлмаяптими, демак, ўша жойда ҳақиқий фуқаролик жамияти шаклланяпти. Парламентда савол берилиб, фикр айтилиб, таклифлар муҳокама қилинаётгани жамиятда демократик характер уйғонаётганига реал ишора. Бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг йиғилиши ҳам анча қизғин муҳокамалар билан ўтди.

 

ҚАЕРГА ҚАНЧА?

Фракциямиз аъзолари 2024 йил учун Давлат бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

Давлат бюджети – халқнинг ризқи ҳисобланади. Унинг ортида ҳар бир фуқаронинг манфаати, улуши бор. Мамлакат ривожи нафақат давлат бюджетига тушаётган маблағларнинг кўпайиши, балки уларнинг тўғри ва самарали сарфланишига, тақсимланишига ҳам боғлиқ.

Шунинг учун депутатлар бир нечта саволлар билан ҳукумат вакилларига мурожаат қилишди.

Дастлаб иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова асосий кўрсаткичларга тўхталиб ўтди. Қайд этилдики, лойиҳа 17 модда ва 11 иловадан иборат бўлиб, келгуси йил учун Давлат бюджетининг асосий параметрлари белгиланган.

Бюджет лойиҳасида прогноз кўрсаткичларидан ташқари, вазирлик ва идораларга ажратилаётган маблағлар ҳам акс этган. Қайд этилишича, келгуси йил учун Давлат бюджети даромадлари 270,3 трлн сўм, харажатлари эса (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 279,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Келгуси йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,6−5,8 фоиз, 2025−2026 йилларда эса мос равишда 6,2 ва 6,4 фоиз бўлиши, ўсиш суръатлари саноатда 6 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдорини ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгилаш таклиф қилинмоқда. Бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 52,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Таъкидландики, асосий солиқ ставкалари ўрта муддатли истиқболда ўзгаришсиз қолади. Шунинг учун ҳам даромадларни ошириш учун бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ ва божхона имтиёзларини уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигидан келиб чиққан ҳолда, қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилган.

 

ЯРМИ ИЖТИМОИЙ СОҲАГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ

Бюджет маблағларининг энг катта қисми таълим соҳасига йўналтирилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 46,6 трлн сўм, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига эса 6,1 трлн сўм ажратилган.

Келгуси йилда Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига жами 142 трлн. 628 млрд. сўм, 2023 йилга нисбатан 12 трлн. сўм кўп маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Пенсия жамғармасининг бюджетдан ташқари тушумлари 46,8 трлн сўм, харажатлари 63,1 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, Давлат бюджетида ижтимоий соҳага яна бир қатор муҳим харажатлар режалаштирилган. Хусусан, кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш учун 10 трлн. сўмдан ортиқ, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналарга нафақалар тўлаш учун 3,6 трлн. сўмдан ортиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва зарур иш стажига эга бўлмаган фуқароларга нафақалар учун эса 2,5 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Давлат бюджети лойиҳасида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида акс этмоқда.

Бюджет лойиҳасига кўра, болалар нафақалари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлигининг (Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, Вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ва Оилавий меҳрибонлик уйлари) ташкилотлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Саволлар кўп, жавобларчи?

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг тақсимоти билан боғлиқ масалаларда масъулларга саволлар билан мурожаат қилди:

 

Ойбарчин Абдуллаева,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Савол: 2023 йилги Давлат дастурида бошланғич синфларни бепул овқатлантириш масаласи мавжуд бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида синов тариқасида амалга оширилмоқда. Мазкур масала 2024 йилги бюджет лойиҳасида кўзда тутилганми?

 

Фаррух ЗОКИРОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи:

Жавоб: Бошланғич синфларни бепул овқатлантириш масаласи 2024 йилдаги бюджет лойиҳасига киритилмаган, бунинг қатор сабаблари бор. Бу масала босқичма-босқич, зарур инфратузилмани яратгандан кейин, албатта, амалга оширилади.

 

Ўрал Ўрозбоев,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Савол: Ҳисоботда 2023 йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестиция олиб келишини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Мазкур масала бажарилди, деб ёзилмоқда. Амалиётда бу масала қандай ҳолатда?

 

Шерзод РАБИЕВ,

Адлия вазири ўринбосари:

Жавоб: Ҳудудларда лойиҳа гуруҳлари томонидан қиймати 8,1 млрд долларлик 4 962 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишининг баёни билан манзилли рўйхат тасдиқланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 апрелдаги фармойиши қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

 

Мақсуда Ворисова,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Савол: Бюджет лойиҳасида дори-дармон маҳсулотларини олиб кириш учун имтиёзлар олиб ташланмоқда. Бу дориларнинг нархи ошиб кетишига олиб келмайдими? Яна бир масала, Президент қарорида аҳолини қандли диабет бўйича бепул текширувдан ўўтказиш белгиланган эди. Бюджет лойиҳасида бу мақсадга маблағ кўзда тутилмаган. Нимага?

 

Умид ҲАМРОЕВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи:

Жавоб: Тўғри, 2024 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида дори воситалари ва тиббий буюмлар қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда. Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга кўра, 76 турдаги дори воситаларига ҚҚС тўланади. Лекин бизда дори воситалари ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод бўлгани учун буларни ҳисобга олиш имконияти йўқ. Яъни, бу борада механизм йўқлиги учун маҳсулотларнинг таннархи ошиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам қолган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар дори-дармонларга ҚҚС тўласа, уларни назорат қилиш имкони яратилади. Шунда сунъий равишда нархларни ошириш ҳолатлари кузатилмайди. Оддий тилда айтганда, ҚҚС тўланмаслиги дориларнинг нархини камайтиришга таъсир қилмайди.

Кейинги саволга жавобан Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Гулнора Раҳимова фракция таклифига асосан 40 ёшдан ошган фуқароларда бепул текширув ўтказиш учун бюджетда 14 миллиард сўм кўзда тутилишини билдирди.

Фракция аъзолари Зуҳра Шадиева ва Шербек Бўронов аввал республика бюджетидан молиялаштириб келинган бир қатор харажатлар 2024 йилдан маҳаллий бюджетларга ўтказилаётгани иқтисодий мувозанатга, ижтимоий вазифаларнинг бажарилишига салбий таъсир қилиш-қилмаслиги ҳақида савол берди.

 

Г.Раҳимова:

Жавоб: Ушбу чоралар маҳаллий давлат органларининг мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар балансини таъминлаш учун амалга оширилмоқда. Бу амалиётда муаммолар келтирмайди ва ҳисоб-китоб қилиниб, доимий баланс юритиб борилади.

 

Анвархон Темиров, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Савол: Қишлоқ хўжалигида ҳар йили 7 трлн. дан ортиқ маблағ сув хўжалиги тизимидаги насос станцияларининг электр энергияси харажатларини қоплаш учун ажратилмоқда. Ўтган йили ҳам шундай бўлди? Вазирлик ўзгариш қилмайдими? Тизимга бундай харажатларни камайтириш чоралари кўрилмайдими?

 

Г.Раҳимова:

Жавоб: Тўғри масалани кўтардингиз. Бугунги кунда сув масаласи ниҳоятда долзарб. Ҳозир 5 мингдан ортиқ сув насослари пахта далаларини сув билан таъминлаб келмоқда. Агар биз давлат томонидан субсидия бермасак, насосларнинг электр харажатлари юқори бўлганлиги бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки ҳудудларда фақат фермерлар эмас, аҳолининг сув таъминоти билан боғлиқ катта масала ҳам бор. Шу муносабат билан маблағ ажратилиши тўғри, деб ўйлаймиз.

 

Фракция аъзоси А.Темиров яна савол билан мурожаат қилди:

Савол: Қонун лойиҳасининг 14-моддасида қонунни бузганларни жазолаш назарда тутилмоқда. Амалиётда кўраяпмиз, қонунбузарга нисбатан асосан маъмурий жазо қўлланилмоқда. Нима учун жазони қатъийлаштирмаслигимиз, қонунчилик ҳужжатларини ўзгартирмаслигимиз керак?

Саволга Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова жавоб берди. Бу йил давомида 8 мингдан ортиқ бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаган мансабдорлар жазога тортилгани таъкидлаб ўтилди. Аммо жиноий жавобгарликка тортилганлар сони камлигини ҳам алоҳида қайд этди. Бу масала, албатта, кўриб чиқилишини маълум қилди.

 

 

ДЕПУТАТЛАРИМИЗ ЎРИНЛИ ТАКЛИФЛАР ҲАМ АЙТИШДИ

Депутатлар фракция йиғилиши кун тартибига қўйилган масалаларда таклифларини ҳам баён қилишди. Депутат Мақсуда Ворисова 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг жорий йил тўққиз ойлик ижроси бўйича тақдим этилган ҳисоботда келтирилган айрим бандлар таҳлил қилинганда, охиригача бажарилмагани ёки ресурслар етиб бормаганини қайд этди. Йил якунига қадар уларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Фракция аъзоси Анвархон Темиров «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида муҳим бир масалага тўхталиб ўтди:

— Яна бир масала. Келгуси йил учун бюджет лойиҳасида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ногиронлиги бўлган хотин-қизларга маблағ ажратилмоқда. Аммо уй-жой олиш учун банкка боришса, иш жойи ва пластик карта сўраляпти. Уларнинг кўпчилиги ишсиз ёки меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади. Шунинг учун меъёрий ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги сабабли ажратилган маблағлар самарасиз қолиб кетмоқда. Ушбу масалани кўриб чиққан ҳолда, амалдаги тартибни енгиллаштириш керак, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Давлат бюджети лойиҳасида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини тубдан оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Бюджет лойиҳасида соҳага қарийб 20 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилаётгани инсонпарвар сиёсат намунаси бўлаётгани, Давлат бюджетини режалаштиришга доир стратегик ёндашув Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларига ҳар томонлама мос келиши билдирилди.

Шунинг билан бирга, қатор масалаларда таклифлар ҳам илгари сурилди. Аввало, бюджет соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида камомад ва молиявий хатоликлар йилдан-йилга кўпайиши кузатилмоқда. Бу Давлат дастуридаги вазифалар ижроси кечикишига сабаб бўлмоқда.

Давлат бюджети лойиҳасидаги аксарият маблағлар бевосита фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш учун йўналтириш режалаштирилган. Мазкур маблағлар мақсадли ва самарали ишлатилиши ижтимоий кайфиятга, мамлакатимизнинг ижтимоий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатишини инобатга олиб, Давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлаш тўғрисидаги Қонунчилик палатасининг қарорида бюджети ижроси бўйича ижро ҳокимияти ва депутатлик корпусининг олдига аниқ вазифалар белгилаб бериш лозим.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари узоқ муҳокама ва қатор савол-жавоблардан кейин Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади.

 

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ:

443 та бандда назарда тутилган топшириқлар бажарилдими?

Фракциямиз аъзолари шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқишди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Давлат дастурининг жами 443 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 250 тасининг ижро муддати 2023 йилнинг 9 ойи этиб белгиланган. Шундан 187 та банд (кичик банд)лар тўлиқ бажарилган, 42 тасининг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 14 тасининг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

9 ойда ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат 5,7 фоизни, хизматлар 6,5 фоизни ташкил қилган. Давлат бюджети даромадлари 98,8 трлн сўмга ижро этилган. Шундан 76,3 трлн сўм солиқ ҳамда 24,3 трлн сўм божхона тушумлари ҳиссасига тўғри келган.

914 млн долларлик 2009 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 24 мингта янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Депутатлар бюджет маблағларининг катта қисми ижтимоий соҳага ажратилганини ҳисобга олиб, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз ва кам даромадли оилаларга ёрдам қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим тизими каби муҳим вазифаларга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли ва манзиллилигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 7,7 млн нафар 30 ёшдан ошган хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг 1 млн 680 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган, 929 813 нафарига ёрдам кўрсатилган. Хусусан, 425 760 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 414 849 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилган. Тадбиркорлик қилиш истагидаги эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 44 956 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилган.

Ёшлар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этилиб, ёшларга «yoshlardaftari.uz» электрон платформаси, «1093» қисқа рақамли колл-маркази ёки маҳалла етакчиси орқали онлайн ариза қолдириш ва мурожаат ҳолати тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилган. Ҳисобот даврида ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилишига эришилган, етакчилар тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари 11 тадан 25 тага етказилган.

Ҳисоботни тинглар экан, депутатлар партия электорати билан боғлиқ масалаларда мутасаддиларга саволлар орқали мурожаат қилди. Ижтимоий соҳадаги масъулларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бюджет маблағларининг манзиллилигини таъминлашга оид ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Муҳокамалардан сўнг Давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Бу йил Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қатъий кўриб чиқилмоқда, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Парламент вакиллари деярли ҳар куни вазирлик, идоралар ва ҳукумат вакилларини саволга тутяпти, таклиф-мулоҳазаларини билдиряпти.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 8.11.2023, №44

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш