Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотининг нодир имкониятлар эшиги
Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотининг нодир имкониятлар эшиги

 

Бугун Ўзбекистон Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотида халқаро майдонга чиққанлиги, қатор қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатликда, ташқи сиёсий фаолиятининг МДҲ, ШҲТ, ТДТ ва ИҲТлар билан мустаҳкамлиги ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Хусусан, пойтахтимизда бўлиб ўтган саммит нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама этиш, биргаликда умумий ҳаракатлар режасини тузиш учун имконият яратди. ИҲТнинг бугунги кундаги мақсадлари аниқ, прагматик ва шаффофдир. Яъни, савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, давлатлар ўртасидаги савдони ривожлантириш, ташкилотга аъзо мамлакатлар товарларини жаҳон бозорига олиб чиқишга йўналтирилган.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Туркия давлатининг иқтисодий салоҳияти ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ҳамдўст эканлиги ҳам эътирофга лойиқ. Нафақат Туркия, бошқа давлатлар билан ҳам дўстлиги, ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар эса юртимизни янада жозибадор эканини исботламоқда. Масалан, ИҲТ доирасидаги умумий 500 миллион кишилик бозор, у ердаги маҳсулот ва хизматларнинг хилма-хиллиги тадбиркорларимиз учун нодир имкониятлар эшигини очди.

Президентимиз ўз нутқида ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этганини таъкидлади. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.

Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашишимиз керак. Давлат раҳбари шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битим қабул қилишга чақирди.

Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмини камида икки баробар кўпайтириш мумкин. Бу борада ИҲТнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатида ҳам келтириб ўтилган.

Хулоса ўрнида айтиш керак, савдо, саноат, инновациялар, энергетика,транспорт, таълим, маданият туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш бугуннинг устувор вазифасига айланди. Саммит иштирокчилари, аъзо давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашдилар. Иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши мамлакатни бу борадаги имкониятларини кенгайтиради. Иқтисодий салоҳиятнинг ўсиши эса ижтимоий ҳаётни яхшилашга, барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш