Имтиёз бор, имконият кам
Имтиёз бор, имконият кам

 

Уй-жой инсоннинг энг муҳим эҳтиёжлари қаторида юқори ўринларда туради. Уй нафақат бир кишининг, балки битта оиланинг хотиржамлиги, болаларнинг униб-ўсиши учун қулай шароит дегани.

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уй-жойлар қурилмоқда. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар, оналарни энг қулай тартибда уй-жой билан таъминлаш бўйича тизим яратилди, ногиронлиги бўлган, йиллар давомида уй-жойсиз қолиб кетган юртдошларимиз ватанли бўлмоқда, доимий даромадга эга эҳтиёжманд фуқароларга ипотека ҳисобига уй харид қилиш учун субсидия ҳам ажратилмоқда.

Яқинда Президентимизнинг янги ҳужжати – «2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниб, унга асосан муҳим янгиликлар, енгилликлар жорий этилиши белгиланди. Хусусан, ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш ҳақидаги фармонга мувофиқ, ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш, кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш бўйича муҳим вазифалар назарда тутилган.

Жорий йил 1 майдан кучга кирган яна бир янгиликка кўра, уй-жой сотиб олиш истагини билдирган, бироқ расмий даромад манбаига эга бўлмаган мижозларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда уларнинг банк карталаридаги пул айланмалари, ижара ва коммунал хизматлар учун тўловлар ҳамда бошқа харажатлар инобатга олинадиган бўлди.

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, кам даромадли фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредитларига давлат бюджетидан субсидиялар ажратилмоқда. Субсидиялар ипотека кредити бўйича дастлабки тўлов ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун берилади.

Ишлайдиган, даромади барқарор, лекин уй-жойга бирданига тўлов қилишга имконияти йўқ юртдошларимиз учун субсидия айни муддао бўлмоқда. Қанчадан-қанча юртдошларимиз имкониятдан, фойдаланиб, уй-жойли, ватанли бўлмоқда.

 

Уй-жой учун субсидия нима?

Бу давлат бюджетидан бериладиган молиявий кўмак ҳисобланади.

Субсидия олиш учун фуқаро доимий иш жойига эга бўлган, яъни давлат ишими, хусусий секторда ишлайдими, фарқи йўқ. Энг муҳими, олинадиган ипотека кредитини ойлик тўловларини тўлаш қобилиятига эга бўлиши керак. Бунда бошланғич бадални тўлаш учун 32 миллион, кейинчалик фоизлари биринчи беш йил давомида 10 пунктдан ошган қисмига тўлаб берилади.

Фуқаролар субсидия олиш учун my.gov.uz портали орқали электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин. Ариза ижобий кўриб чиқилгандан сўнг, аризачи қурилиш (пудратчи) ташкилоти билан ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда уй-жой сотиб олиш тўғрисида шартнома тузади.

Ипотека кредити расмийлаштириш жараёнида бошланғич бадал тўлаш учун фуқарога банкда ҳисоб-рақам очилади. Ана шу ҳисоб-рақамига фуқаро уй-жойнинг ўзига тегишли қисмининг бадал суммасини тўлдиради ва Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан 32 миллион ўша ҳисоб-рақамига ўтказилади. Кейин унга ипотека кредити ажратилади. Кредит берилгандан сўнг қолган 60 ой давомида ҳар ой субсидия фуқаро номидан давлат ҳисобидан тўлаб борилади. Бу фуқарога пластика картасига ёки нақд пул кўринишида берилмайди, балки ипотека кредитининг фоиз тўловларини амалга ошириш учун унга очилган ҳисоб-рақамига ўтказилади. Фуқаро берилаётган субсидияни бошқа ҳеч қандай мақсадга ишлата олмайди.

 

Ипотека бозоридаги бугунги вазият

2022 йилда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ёки сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан 37,6 мингта оилага 8,2 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган, даромади юқори бўлмаган 16,7 мингта оилага 767,4 миллиард сўм миқдорида субсидия берилган.

2023 йилда ипотека субсидиялари учун 1,6 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган эди. Жорий йилда жами ажратиладиган субсидиялар 30 000 тани ташкил этиши кутилмоқда. Шу йилнинг май-сентябрь ойларида субсидия бўйича 29 минг нафардан ортиқ фуқарога ижобий хулоса тақдим этилган. Ҳозиргача жами 10 минг 537 нафар фуқарога 337 миллиард сўмлик субсидия маблағи тўлаб берилган.

2024 йилда ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор бериш кўзда тутилган. Яъни, келгуси йилда аҳоли томонидан уй-жойлар сотиб олишга 1,5 трлн сўм субсидиялар ажратилиши белгиланмоқда.

 

Имтиёз бор, муаммо ҳам...

Албатта, ислоҳотлар ҳақида узоқ гапириш мумкин, уларнинг самараси хусусида ҳам кўпдан-кўп мисоллар келтирса бўлади. Бугун шароит, имконият катта. Имтиёзлар кўлами кенг. Ишлайман, уй-жой қиламан, яхши яшайман, турмушим обод бўлади, деган киши учун барча қулайликлар бор. Ҳаммамиз буни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз, атрофимиздагилар, қўни-қўшнимиз ёки қариндошимиз, таниган, билганларимиз мисолида ҳам гувоҳи бўляпмиз.

Кечагина уй-жой қайғусида ўйланиб юрган қадрдонимиз, дўстимиз ёки танишимиз бугун шинамгина, обод ва озода бўлган ўз уйига меҳмонга чақиряпти. Неча йиллар давомида ижарама-ижара юриб қийналган юртдошимиз имтиёз орқали энди ўз уйига, маконига эга бўлди. Лекин тизимда ечимини кутаётган муаммолардан ҳам кўз юма олмаймиз.

Депутатларимизнинг айтишича, сайловчилар билан учрашувларда уй-жой масаласида кўп мурожаатлар бўлади. Айниқса, кам даромадли, кўп болали оилалар бу масалада қийинчиликларга дуч келмоқда. Имтиёзлар бор, хусусан, субсидия асосида уй олиш мумкин. Аммо аксарият қурилиш ташкилоти уй-жойларни субсидияга сотишни хоҳламайди. Ёки субсидияга бериладиган уйларнинг нархи жуда қиммат баҳоланмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилда субсидия олиш бўйича 29 минг нафардан ортиқ фуқарога ижобий хулоса тақдим этилган. Ҳозиргача 10 минг нафардан кўпроқ фуқарога 337 миллиард сўмлик субсидия маблағи тўлаб берилган. 20 мингга яқин фуқаронинг қўлида субсидияга рухсат бор, лекин уй тополмаган. Яъни, шунча одам субсидиядан фойдалана олмаяпти. Уй топилиб, пул тўланмагунча, фуқарони субсидия олди, дея оламизми?

Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида ҳам айнан ушбу масалаларда муаммолар борлиги аён бўляпти. Масала бевосита электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ бўлгани учун Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатлари жойларда назорат-таҳлил ишларини олиб боришди.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Ҳозирги кунда субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Давлат бюджетидан субсидия ажратиш учун кўзда тутилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилаш учун бу муҳим аҳамиятга эга бўлди. Негаки, фуқаролар томонидан субсидияга ариза топширилганда кўп ҳолларда уй ҳали битмаган бўлар эди ёки пудрат ташкилоти билан бир келишувга келинмасди. Натижада субсидиянинг муддати ўтиб кетар эди. Бу чекланган ресурс ҳисобига, бошқа уй-жойи битган, шартнома қилган фуқароларнинг субсидия олиш имкониятини чеклаб қўяётган эди.

Ҳозир вазият бошқача. Тўғри, субсидия хабарномасини олган фуқаронинг пудратчи билан тузган шартнома муддати кечикса, субсидия хабарномаси 4 ойда куяди. Муҳим янгилик шундаки, фуқаролар бир неча бор ариза топшириш имконига эга бўлади. Бу чекланмаган миқдорга ўзгартирилди. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, бундан кейин фуқароларнинг хабарномаси куйиб кетадиган бўлса, қайтадан хабарномани кўлга киритиш имконияти мавжуд.

Ушбу масала бевосита партиямиз электорати манфаатига алоқадор бўлгани учун биз бу борада ўрганиш олиб бордик. Назорат-таҳлил давомида субсидия олиш масаласида ҳамма жойда муаммо борлиги ойдинлашди. Тўғри, бирламчи бозордан субсидияга сотилиши кўрсатилган уйлар бор. Лекин атиги тўрт ёки бешта пудратчи қурилиш ташкилоти ўз уйларини субсидияга ҳам сотишга рози бўлмоқда. Квартиралар сони эса жуда чекланган. Яна бир масала, қурувчи компаниялар субсидияга эга фуқаролар учун шартнома тузмасликка уринаётиган ҳоллар ҳам учраб турибди.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак, бугунги кунда ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда (390 доллар), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида (1251 доллар) қайд этилган.

Тошкент шаҳри бўйича уй-жой нархлари янги уйлар учун ўртача 1374 долларни ва иккиламчи бозордаги уйлар учун ўртача 1143 долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг июнь ойида янги уйлар учун 953 долларни, иккиламчи бозордаги уйлар учун 861 долларни ташкил этганди. Бир йил ичида янги уйларнинг нархи ўртача 40 фоиздан кўпроқ, иккиламчи бозордаги уйлар нархи эса ўртача 33 фоиздан кўпроқ қимматлашган.

Энди ўйлаб қарайлик, уй-жойга муҳтож фуқаро бир амаллаб субсидия олди ҳам дейлик, кейин иккинчи босқич бошланади, яъни ажратилган субсидияга мос уй топиш машаққати. Чунки, Тошкент шаҳрида субсидия ҳисобига олинадиган квартиранинг нархи 416 миллион сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Лекин шу ва ундан паст нархга пойтахтдан янги уй топишнинг қийинчилиги катта. Бу муаммо бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Назорат-таҳлил давомида ўрганилган ушбу масала юзасидан партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи ўз таклифларини тайёрлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қурилиш ташкилотларига имконият берилдими, албатта, унинг натижаси бўлиши керак.

Биз шундай хулосага келяпмизки, бу масалани парламентда, партиямиз фракциясида фармон ижросига масъул вазирлик ва ташкилотлар билан бирга, муаммоларни ўртага қўйиб, ечим топишимиз керак. Чунки, фуқароларда ҳукумат сиёсатига ишончсизлик пайдо бўлмаслиги лозим. Ҳозирги кўтарилаётган муаммолар фуқароларда ишончсизлик кайфиятини пайдо қилиши мумкин. Сабаби, субсидия хабарномасини олган фуқаро нархларнинг сунъий оширилиши ёки бўлмаса бошқа маълум сабаблар билан субсидияга уй тополмаяпти. Ижрода юзага келаётган муаммолар учун фуқаролар жабр кўрмаслигини таъминлаш зарур. Бу масалани мутасадди вазирлик-идоралар билан бирга муҳокама қилиб, меъёрий ҳужжатларга муаммони ҳал этишга хизмат қиладиган аниқ ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлашимиз талаб этилади.

Биринчи таклифимиз шуки, уй-жой қурувчи қурилиш компанияларига маълум миқдордаги хонадонларни субсидияга эга фуқароларга сотиш ижтимоий мажбуриятини юклаш, бу борада маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини ошириш керак.

Кейинги таклифимиз қурилганига 5 йилдан ошмаган иккиламчи бозордаги уйларни ҳам субсидия асосида харид қилиш имкониятини яратиш, бу борада меъёрий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш лозим. Албатта, бунда субсидия маблағлари мақсадли ишлатилиши масаласини қатъий белгилаб қўйиш зарур бўлади. Бу субсидия олишга рухсатномаси бўла туриб, уй тополмаётган фуқароларга реал имконият яратиб бериш учун муҳим.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 15.11.2023, №45

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш