Кредит ажратишнинг барча босқичлари электрон тарзда амалга оширилади
Кредит ажратишнинг барча босқичлари электрон тарзда амалга оширилади

 

Аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали камбағалликни қисқартиришда кичик ва ўрта бизнес муҳим ўрин тутади. Юртимизда эса ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги бир йил давомида кичик тадбиркорлар сони 40 минг тага кўпайган ҳолда, уларнинг умумий сони 490 минг тани ташкил қилмоқда. Ўрта тадбиркорлар сони эса 2 минг тага ошиб, 10 минг тага етди.

Ҳудудларда янги-янги корхоналарнинг фойдаланишга топширилиши туфайли кўплаб иш ўринлари ташкил этилмоқда, минглаб, юз минглаб ёшлар, хотин-қизлар ишли, даромадли бўлмоқда. Оиласи даромадига, юрт тараққиётига ҳисса қўшмоқда.  

Мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, бизнес субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли бу тармоқ ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси билан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётир.

Шу йил 15 ноябрь куни қабул қилинган “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори бу борадаги ишларни бутунлай янги босқичга кўтариши шабҳасиз.

Мазкур ҳужжатда аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш ва “оилавий тадбиркор – микробизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири асосида уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Шунингдек, давлат дастурлари доирасида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида қўллаб-қувватланади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш учун “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖлар ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг вакиллари белгиланган тартибда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари биноларига жойлаштирилади.

Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб кредит ажратишнинг барча босқичлари рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади.

Яна бир муҳим жиҳат. Ушбу ҳужжат билан кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади.

Харажатсиз даромад кўриб бўлмаслиги ҳаммамизга яхши маълум. Бу тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламасдан ва уларни рағбатлантирмасдан туриб тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг иложи йўқ дегани.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш