Барқарор ривожланиш мақсадлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегияси уйғунликда
Барқарор ривожланиш мақсадлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегияси уйғунликда

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кун тартибидаги 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига изчил эришиш мамлакатимиз Президенти бошчилигидаги Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир.

«Барқарор ривожланиш мақсадлари»ни мамлакат эҳтиёжларига мослаштириш учун жиддий қизиқиш ва интилишлар натижаси сифатида “Ўзбекистон-2030” стратегиясини кўрсатиш мумкин. Мамлакатимизнинг келгуси етти йилликда ривожланишини мақсад қилиб олган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифалари кўлами, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиши билан аҳамиятлидир.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири мамлакатимизнинг барча фуқаролари, жумладан, олис ҳудудларда ҳам турмуш даражаси ва фаровонлигига катта эътибор қаратилаётгани билан боғлиқ. Ушбу стратегиянинг асосий мақсади – яшаш жойидан қатъи назар, мамлакатнинг барча аҳолиси учун муносиб турмуш шароитларини таъминлашдир.

Шунингдек, стратегиядаги мақсадларни амалга ошириш орқали иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)ни 160 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2200 доллардан 4000 долларга оширишни ўз ичига олади.

Мана шу натижаларга эришиш учун хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини кенгайтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилади, бу эса унга янада мослашувчанлик ва динамика беради. Натижада Ўзбекистон юқори даражадаги иқтисодиётга эга давлатлар тоифасига киради. Товар ва хизматлар бозорида мувозанатни таъминлаш орқали йиллик инфляция даражаси 5-6 фоиз чегарасида сақланиб қолади, иқтисодиётда нодавлат секторнинг улуши эса 85 фоизгача ошади.

Хусусан, Стратегиянинг биринчи йўналиши ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишни назарда тутади. Биргина шу биринчи йўналишнинг ўзида Ўзбекистон БМТнинг 1, 3 ва 6-чи Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган мақсадларга эришишига хизмат қилувчи қуйидаги устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан таълим тизимида:

  • болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинишига эришиш, давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер синфи билан ҳамда барча мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш;
  • умумий ўрта таълим муассасаларида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш, уларни тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар, мультимедия дастурларини яратиш, педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
  • олий таълим қамровини кенгайтириш – ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш каби аниқ кўрсаткичлар ва вазифалар белгиланган.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда болалар ва гўдаклар ўлими сезиларли даражада пасайди. 2017–2021 йилларда болалар ўлими ҳар 1000 та тирик туғилган чақалоқ нисбатига 15,4 дан 12,3 гача, гўдаклар ўлими эса ҳар 1000 нафар туғилган чақалоққа 11,5 дан 9,2 коэффициентгача пасайди. Сўнгги йилларда кузатилаётган соғлиқни сақлашни соҳасини молиялаштиришнинг барқарор ўсиши – 2017 йилда 7,1 трлн. сўм, 2019 йилда 12,1 трлн. сўм ва 2021 йилда эса 19,4 трлн. сўмни ташкил этди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳам сезиларли даражада янгиланди.

Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” Стратегияси доирасида 2030 йилга қадар аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлар доирасида:

  • аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш, тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш;
  • аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш, республикада гемодиализ ўрин жойлари билан беморларни тўлиқ қамраб олиш, 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш;
  • болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга қисқартириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш, туғуруқ ўринлари сонини 35 фоизга ошириш, болалар орасидаги юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни 20 фоизга камайтириш ҳамда умуман аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш даражасини 70 фоизга етказиш;
  • соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш, ҳар йили 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз тиббий профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, 40 ёш ва ундан юқори ёшда аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 2 баробар ошириш;
  • аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, меъёридан ортиқ туз истеъмол қиладиган аҳоли улушини 32 фоизга, етарлича жисмоний фаолликка эга бўлмаган аҳолини 22 фоизга, ортиқча вазнга ва семизликка эга катта ёшдаги аҳолини тегишинча 32 фоиз ва 23 фоизга қадар камайтириш каби аниқ мақсадлар ва вазифалар белгиланган.

Шу ўринда, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда камбағалликни 2026 йилга қадар 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш режалаштирилган.

Камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 млн. аҳолининг даромадларини ошириш чоралари кўрилиши, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш белгиланган.

Бу борада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар доирасида:

  • ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш, барча туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил қилиш;
  • Ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларнинг сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш, уларни реабилитация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш, муносиб иш билан таъминлаш орқали улар бандлигини 2 баробарга ошириш;
  • хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш орқали уларнинг бошқарув лавозимларидаги улушини 30 фоизга ошириш. Шунингдек, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

-        2 млн нафар фуқароларни касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини 30 фоизга етказиш каби мақсад ва вазифалар белгиланган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш бўйича йўналишларда ҳам жуда кўплаб мақсадлар белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ўзининг барқарор ривожланиш йўлидаги ўзгаришлар дастурини илгари суришда муваффақиятларга эришмоқда. Бу ҳам давлат, ҳам хусусий молиявий устуворликнинг барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ тарзда ўзгаришларни ўз ичига олган ҳолда, мамлакатимизнинг янада фаровонлигига хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш