Фракциямиз таклифларини ўтказди
Фракциямиз таклифларини ўтказди

 

айрим саволларнинг жавоби кечикадиган бўлди

Давлат бюджети маблағлари миллионлаб солиқ тўловчилар, умумхалқ ресурслари ҳисобидан шаклланади. Унинг мақсадли ва албатта, тўғри сарфланиши барча учун манфаатлидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Кеча Қуйи палата мажлисида ҳам ушбу масала иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисида депутатлар аҳоли манфаатлари ҳамда жойлардаги мурожаатлардан келиб чиқиб, қатор таклифларини илгари сурган эди.

Хусусан, биринчи ўқишда 40 ёшдан ошган фуқароларни қандли диабет хасталигига бепул текширувдан ўтказиш учун маблағ ажратилиши билан боғлиқ таклиф билдирилган эди. Масъуллар буни инобатга олган ҳолда, иккинчи ўқишда мазкур амалиёт учун 14 миллиард сўм йўналтирилишини маълум қилди. Шу билан бирга, Гепатит B ва C хасталикларини аниқлаш учун ҳам 12 миллиардга яқин маблағ ажратилиши қайд этилди.

Фракция аъзолари берилган таклифлар инобатга олингани учун миннатдорлик билдирди. Электорат манфаати билан боғлиқ таклифлар, аниқлаштирувчи саволлар ва фикрлар давом этди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Гепатит ҳамда қандли диабет бугунги кунда аҳолининг саломатлигига хавф солиб турган ижтимоий касалликлар сирасига киради. Уларни эрта аниқлаш ва эрта даволаш билан қамраб олиш жуда муҳим. Бу масала Давлат бюджети лойиҳасидан жой олгани таҳсинга лойиқ. Лекин соғлиқни сақлаш соҳасида яна бошқа ечимини кутаётган масалалар ҳам бор.

Масалан, бутун дунёда аҳоли тиббий суғуртаси аҳоли жон бошига қараб молиялаштиришга қаратилади. Бизда аҳоли сони статистика бўлимларидан олиняпти. Ички миграция ҳисобга олинмаяпти. Биргина Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида рўйхатда турган аҳолининг сони бошқа, доимий яшовчилар сони бошқа. Шу сабабли давлатдан кафолатланган хизматлар, дори-дармонлар пакети доимий яшайдиган фуқароларга етишмай қолиш ҳолатлари юзага келяпти.

Тошкент вилоятида доимий яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, тез тиббий ёрдам ва поликлиникалардаги штатлар қисқариб кетди. Натижада хизмат кўрсатишда ҳам камчиликлар кузатиляпти.

Статистик маълумотлар олдинги йили вафот этганлар айирилиб, туғилганлар сони қўшилган ҳолда ҳосил бўлади. Аммо пойтахтга ва унинг атрофига аҳоли кўчиб келяпти, яшаяпти, ишлаяпти, ўқияпти. Ўз-ўзидан одам кўпайиб боряпти.

Аҳолини ҳисоблаш аввалги тартибга кўра, яъни тиббиёт муассасаларида рўйхатга олинган фуқаролар инобатга олинса, реал яшаётган одамлар сони келиб чиқади. Ана шунда баъзи бир ҳудудларда доимий яшовчилар рўйхатида турган-у ўзи йўқ одамга маблағ ажратилиши ва бунинг оқибатида бошқа жойда фонд етишмаслиги ҳолатларига чек қўйилади, деб ўйлайман.

 

Анвар ҲАСАНОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:

— Биз айни пайтда статистикадан маълумот олишга мажбурмиз. Чунки электрон рўйхатни шакллантириш ишлари ниҳоясига етмади. Масалан, Сирдарё вилоятида бу жараён 95 фоиз бажарилди ва аниқ рақамлар намоён бўлмоқда. Айтайлик, Сирдарё туманида 2020 йилда 127 минг аҳоли бўлгани ҳақида маълумотлар тақдим этилган. Ваҳоланки, жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига уларнинг сони 127 минг нафарга етган. Электрон тизим ёрдамида реал яшаётган одамлар сони аниқланмоқда. Агар электронлаштириш тизими тезроқ якунига етса, бу масалага ойдинлик киритилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамаджанова Ташқи миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналарини ташкил этиш, жиҳозлаш ва сақлаб туриш учун 35 миллиард сўм маблағ ажратилиши билан боғлиқ масалада савол билан мурожаат қилди. Ваколатхоналар қайси давлатларда ва нечта очилишини сўради. Депутатнинг саволига кечга қадар ёзма равишда жавоб берилиши маълум қилинди.

Фракциямиз аъзоси Анвархон Темиров ҳам айни жавобни олди. Чунки 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги масала кўрилаётган бир пайтда Транспорт вазирлигидан вакил келмаган эди.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Икки ҳафта давомида саволларимизга жавоб берган масъулларга миннатдорлик билдираман. Аммо бир масала очиқ қолиб кетмоқда. Биринчи ўқишда ҳам Транспорт вазири ўринбосарига автомбиль йўллар қўмитасига ажратилаётган 5 триллион 400 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ва унинг тақсимоти билан боғлиқ масалада мурожаат қилган эдим. Масалан, 2 триллион 400 миллиард сўм ижтимоий ишлаб чиқариш, инфратузилма, кўприклар учун йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу сумма қанча кўприк қуриш ва таъмирлашга етади?..

Республика бўйича кўприкларнинг яроқлилиги ва яроқсизлигига нисбатан олинганда ажратилаётган маблағ кам. Айни пайтда фойдаланилаётган кўприкларнинг 70 фоизи ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган. Оғир юк ташийдиган транспорт воситаси ўтса ёки умуман, юкламаси ортиб кетса, уларнинг бирортаси қулаб тушмаслигига ким кафолат бера олади?.. Ўтган йили шу каби ҳолатга ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Ёхуд Қамчиқ довонидаги кўприкнинг ярми битган, қолгани турибди. Бунинг сабаби маблағми ёки бошқа нарса – билмадим. Лекин бошланган иш ниҳоясига етказилиши керак.

Шунингдек, шаҳарлар ёки туманларни бир-бирига боғловчи 385 та кўприк 2023 йилда яроқсиз, деб топилган. Маблағ тақсимотида ушбу жиҳатлар эътиборга олинганми? Қанча кўприк таъмирланади ёки қурилади? Имкони бўлса, шуни ойдинлаштириб беришингизни сўрайман.

 

ЖАВОБ:

Фаррух ҲАКИМОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи:

— Вазирлар Маҳкамасининг сентябрь ойидаги раёсати билан объектлар кесимида рўйхат тасдиқланган. Биринчи навбатда жорий йилда якунига етмаганлари инобатга олинган. 142 та объект мавжуд ва бунинг учун 2 триллиондан ортиқроқ сумма йўналтирилади. Рўйхатини сизга кейинроқ тақдим қиламиз.

Йиғилишда, шунингдек, ҚВПларнинг ҳолати, субсидия бўйича саволлар билан мурожаат қилинди. Бу борадаги масалаларга аниқлик киритилиши ҳақида таклифлар билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳам ушбу масала кўриб чиқилди. Унда депутатлар партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, саволлар берди, таклифлар билдирди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳасига кўра, 2024 йилдан бошлаб ҳар бир маҳалла ўз бюджетига эга бўлиши белгиланяпти. Жисмоний шахслардан ундириладиган ер ва мол-мулк солиғидан 10 фоизи уларда қолдирилиши ҳам қайд этилмоқда. Бу ҳар бир маҳалла ўртача ўзининг 100 миллион сўм бюджетига эга бўлишини англатади ва бу йилдан йилга ошиб боради.

Маблағларнинг ўз вақтида ва манзилли сарфланиши бўйича маҳаллалардаги бугунги бошқарув тизими талабга жавоб берадими?

 

ЖАВОБ:

Абдулазиз ҲАЙДАРОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари:

— Бугуги кунда маҳалла тизимини такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланган. Унга кўра, молиялаштириш тизими тубдан ўзгаряпти. Бугунги кунда маҳалланинг фаолияти маҳаллий бюджетдан молиялаштирилаётган бўлса, янги тартибга кўра эса бу жараён Олий Мажлис ҳузуридаги ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур йўналиш ҳам иккита қисмга бўлинади. Биринчиси, маҳалла фаолиятини тўғридан-тўғри молиялаштириш бўлса, иккинчиси, юқорида айтган манбалардан жамланган маблағларни сарфлаш тартиби белгиланмоқда. Қарор лойиҳасида бу жараён тизимли равишда қандай амалга оширилади, маблағлар қаерда жамланади, ким тақсимлайди каби масалалар кўрсатиб ўтилган.

Шуни айтиш керакки, маҳалла фуқаролар йиғинлари маблағларни тақсимлаш ёки молиялаштириш билан умуман шуғулланмайди. Бу ерда маҳалла уюшмаси деган бошқарув тизими яратиляпти. Бу янги тузилма бўлиб, вертикал усулда ишлайди. Яъни, республика, вилоят ҳамда туман (шаҳар) бошқарувига эга бўлади. Жамоат фонди маблағлари уюшмага етказилади. Уюшма эса электрон платформа орқали шаклланадиган тўлов тизими орқали маблағларни молиялаштириб беради. Назорат тизими ҳам тартибга солинади. Шу сабабли, бу борада бирор муаммо юзага келмайди, деб ўйлаймиз.

 

Жамшид ҚЎЧҚОРОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазири:

– Тўғри тушунган бўлсам, маҳалла бюджетига ажратилаётган маблағлар тўғри ишлатиладими, хатоликларга йўл қўйилмайдими, деган савол берилди. Биринчидан, маҳалла бюджетининг ҳисоб рақами ғазначиликда бўлади. Ҳар бир ишлатилган пул назорат шаклида юритилади. Масалан, маҳалла ўз бюджетидан бирор бир харажат қилмоқчи бўлса, ҳамма ташкилотларга ўхшаб, тўлов шартномасини кўтариб юрмайди-да, фақатгина ўз “еттилиги”нинг қарорини олиб, бериб юборади. Ана шу қарорга асосан, ғазначилик қолган масалалар билан ўзи шуғулланади. Ҳеч кимни айбламаган ҳолда, айтмоқчиманки, агар бирор бир хатолик ёки бошқа бир шубҳали ҳолатлар бўлса, ғазначиликдан ўтмайди у.

Иккинчиси эса маҳаллалар бюджети пулини нималарга ишлатиш бўйича низом ишлаб чиқиляпти. Унда ҳамма йўналишлар аниқ кўрсатиб қўйилади. 2024 йилда бу катта пул бўлмайди. Айнан сиз берган саволдаги хавотир сабаб оз-оздан бошлашни қарор қилганмиз. Маблағни йилдан йилга кўпайтириб бориш билан маҳалладаги одамларнинг ҳам уларни сарфлаш билан боғлиқ малакаси ортиб боришига умид қиламиз.

Халқ демократик партияси Давлат бюджетида кўзда тутилган ижтимоий харажатларнинг аниқ мақсадли бўлиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, мазкур йўналишда ижро ҳокимияти билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қизғин муҳокамалардан кейин келгуси йил учун Давлат бюджети лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 22.11.2023, №46

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш