Бу дипломатик муваффақият
Бу дипломатик муваффақият

 

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсати тамомила янги поғонага кўтарилди. Бу борада халқаро эътирофлар ҳам дунё миқёсидаги оммавий ахборот воситаларида бот-бот кўзга ташланмоқда. Хусусан, яқинда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти – UNWT Бош ассамблеясининг юбилей 25-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлди.

Бу каби нуфузли тадбирларнинг ўтказилиши борасидаги давлатимизга бўлган ишонч, Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўзининг ҳар томонлама манфаатли ва жозибадор таклифлари билан тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётганига далолатдир. Буни жорий йилнинг 7 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида очилган ва 22 ноябрда ўз ишини якунлаган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунлари яна бир бор исботлаб берди.

Гап шундаки, Франция пойтахтида ўтган сессияда Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва бу борада тегишли қарор қабул қилинди. Бир қарашда, бундай хабарлар мамлакат тақдири ва эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз учун сиёсий воқеликлар силсиласининг узвий давоми сифатида талқин қилинар. Аммо, агар ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси оз эмас, кўп эмас қирқ йилдан ортиқ вақт давомида илк бор Париж шаҳридан ташқарида ўтказилишини инобатга олсак, юртимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошимиз қалби ғурурга тўлиши шубҳасиздир.

Бинобарин, қабул қилинган мазкур қарор, ҳатто 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску томонидан "Бу дипломатик муваффақият", - дея шахсан эътироф этилди. Албатта, бу Ўзбекистон учун, унинг ташқи сиёсати учун муҳим тарихий қадамдир. Буни бир қатор омиллар мисолида алоҳида кўриб чиқамиз.

 

Даставвал ташкилот ҳақида икки оғиз сўз:

ЮНЕСКО (ингл. UNESCO; United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization) – Бирлашган Миллатлар Таълим, Билим ва Маданият Ташкилоти), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус ташкилотларидан бири бўлиб, иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1946 йил ташкил қилинган. Гарчи ташкилотга 1945 йилнинг ноябрь ойида 44 та давлат вакиллари иштирокида Лондонда асос солинган бўлсада, унинг маркази Париж шаҳрида жойлашган. Тузилма уч орган – Умумий йиғилиш, Бошқарув, Котибликдан иборат. Асосий мақсади эса, таълим, билим ва маданиятни унга аъзо бўлган ҳар бир давлатдаги Миллий комиссиялар орқали амалга оширишдан иборат.

ЮНЕСКО низомига кўра, "... ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, барча халқлар учун адолатга, қонунийликка, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумий ҳурматни таъминлаш мақсадида таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш орқали халқлар ҳамкорлигига" кўмаклашиш ташкилотнинг устувор вазифасидир. 400 га яқин халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва жамғармалар, халқаро ва ҳудудий бирлашмалар ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилади. Ўзаро алоқаларимиз ҳам йил сайин ривожланмоқда. Демак асос солинганидан буён бугунги кунга қадар дунё давлатлари орасида маориф, фан, маданият ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан тинчликка ва халқаро хавфсизликка кўмаклашиш мақсади йўлида фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотга мустақил давлат ўлароқ, 1993 йил 26 октябрдан тўлақонли аъзо ҳисобланади. Бугунги кунда жами 188 мамлакатни ўз ичига олган мазкур ташкилот билан давлатимиз ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, ЮНЕСКО раҳбарлигида Ўзбекистон учун муҳим бўлган, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган бобокалонларимиз ва тарихий шаҳарларимизнинг юбилейлари нишонланди ва бу анъана давом этиб келмоқда.

Фикримиз тасдиғи сифатида Мирзо Улуғбекнинг 600-йиллиги, Амир Темурнинг 660- йиллиги каби, шунингдек, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллик, Шаҳрисабз ва Қаршининг 2700 йиллик, шунингдек, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейлари тантанали нишонланганини айтишимиз мумкин. Шу билан бирга, ЮНЕСКОнинг бевосита кўмагида Самарқанд шаҳрида Марказий-Осиё Халқаро тадқиқот институти тузилган ва мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида 10 та кафедра ва ЮНЕСКОнинг 10 та ижтимоий-таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Қолаверса, ЮНЕСКО тасарруфидаги 46 та мактаб мавжуд. 2018 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳузуридаги таълим, фан ва маданият масалалари бўйича (ЮНЕСКО) доимий ваколатхонаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан таълим, фан ва маданият масалаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тизимли иш ташкил этиш, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий меросини кенг танитиш устуворлигини изчил илгари суриш ва амалга ошириш, республиканинг ЮНЕСКО доирасида ўтказиладиган халқаро тадбирларда самарали иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, мазкур Ташкилот ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхонаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган қарор асосида ташкилот билан ҳамкорликни янада самарали ташкил қилишга доир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги таълим, фан ва маданият масалалари бўйича доимий ваколатхонаси Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги Элчихонаси таркибидан чиқарилди ва Ўзбекистон Республикасининг мустақил хорижий муассасаси сифатида таъсис этилди. Ўз навбатида, унинг вазифа, мақсад ва фаолият йўналишлари, моддий-техник базаси ва мутахассислар билан таъминланиши бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Сўнгги йиллардаги ўзаро манфаатли алоқалар самарадорлигида ушбу қарорнинг амалий аҳамиятини алоҳида эътироф этиш жоиз.

 

Тарихий қадам

Ташкилотнинг 42-сессияси ишида жами 194 аъзо давлат вакиллари икки ҳафта мобайнида умумбашарий таълимга эришиш йўллари, янги технологияларнинг аҳлоқий муаммолари, Жаҳон мероси объектларини тўғри бошқариш ва сақлаш, шунингдек, иқлим бузилишига қарши курашиш ва табиат билан муносабатларимизни тиклаш воситалари каби масалаларни муҳокама қилдилар. Биз учун аҳамиятлиси эса, сўзсиз кейинги – 43-сессияга юртимиз мезбонлик қилишидир. Бу дунё миқёсидаги қатор масалалар ечимига айнан юртимиз мезбонлигида эришилишидан дарак беради.

Зотан, ушбу тарихий қарорга муносабат билдирар экан, Давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби “Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизациявий салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади”.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП Фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш