Мамлакатимизда аҳоли сони йилдан-йилга ошиб, ҳар йили минглаб ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш борасида республика ҳудудларида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта ушбу масалаларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, депутатлар жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси У. Ўрозбоев Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида аҳолини доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш ишларини ўрганди.
Туманда 2023 йилда доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш йиллик режаси 15 131 этиб белгиланган бўлиб, амалда 18 596 бажарилган. Шундан доимий 8325, мавсумий 8215, легаллаштириш 2056 иш ўрни ташкил этилган. Тумандаги "BAGIRA TEKS " МЧЖ экспортбоп маҳсулотлар, эркаклар костюм шими ва пальтолар ишлаб чиқарувчи корхона Қўшкўприк маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, тўлиқ ишга тушганда 150 нафар доимий иш ўринлари яратилади. Депутат шунингдек, ижтимоий соҳа муассасалари биноларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, биноларда таъмирлаш ишларининг бориши ҳолатини ҳам ўрганди. Жумладан, тумандаги Қаҳрамон маҳалласи ҳудудидаги 31-сонли, Қатортол маҳалласи ҳудудидаги 10-сонли, Тошкентлик маҳалласи ҳудудидаги 16-сонли умумтаълим мактабларида жорий таъмирлаш ишлари давом этмоқда.