Конституциямиз – инсон манфаатлари учун хизмат қилади
Конституциямиз – инсон манфаатлари учун хизмат қилади

 

Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эътироф этилгани халқимиз учун манфаатли бўлди. Нега деган ҳақли савол туғилиши табиий. Аввало, бу давлат ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олишини англатади. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дустурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддий халқ тилида айтганда, энг камбағал оиланинг болалари ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти яратилади.

Шулар қаторида конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлигининг ўзи, амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон қадри турганидан далолат беради.

Умуман, ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабат ўрнатар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар эгасидир. Давлат фуқаролар тинч, хавфсиз яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш каби мажбуриятга эга бўлса, фуқаролар биринчи навбатда, қонунларга бўйсуниши, жамиятдаги қоидалар ва талабларга риоя қилиши, ҳаёти давомида дуч келадиган мажбуриятларни бажариши каби масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиши лозим бўлади.

Жорий йилда халқимиз томонидан қабул қилинган Ўбекистон Республикасининг янги таҳриридаги Конституциясида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган. Шу маънода иккинчи бўлим инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари масаласига бағишланган. Яъни, Қомусимизнинг 21-моддасида Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт”, деб мустаҳкамлаб қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўпгина хорижий мамлакатларда масалан Германия Конституциясида айтиладики, “Қуйида санаб ўтиладиган асосий ҳуқуқлар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти учун бевосита амал қиладиган ҳуқуқ сифатида мажбурийдир”, дейилган. Бу ерда қуйида деганда, фуқароларнинг асосий шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини назарда тутилади.

Таъкидлаш лозимки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди, деган норманинг мустаҳкамланиши ҳам амалда муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципларига асосланган. Яъни, бунда жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади. Аниқ қилиб айтганда, Конституция ва қонунларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас.

Эслатиб ўтишни лозим деб билдим, ўтган пандемия шароитида баъзи тадбиркорлар қийинчиликларга дуч келди, давлат эса мазкур ҳолатга баҳо берган ҳолда уларга тегишли имтиёзлар берди, ортиқча ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмади. Албатта, бу инсонпарварлик принципининг амалдаги ижроси десак, асло хато қилмаган бўламиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституцияга киритилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада кучайтиришга қаратилган янги нормалар сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш тамойилларига тўлалигича мос келади.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш