Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, ёши бир жойга бориб қолганда ҳам тиниб-тинчимайди, доим елиб-югуради. Кимгадир ёрдам бергиси, муаммолар ечими ҳақида фикр айтгиси келади. У ана шу хатти-ҳаракатидан мазмун топади, куч олади. Одамларга кераклигидан руҳланади.
ЎзХДПнинг фаол аъзоси, 20 йилдан буён жамоатчилик асосида «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарида таржимонлик қилиб келаётган ҳамкасбимиз Носир Тоиров ана шундай ғайратли, фидойи инсонлардан.
Носир ака ҳар сешанба куни таҳририятга келиб, ўзбек тилидаги мақолаларни «Голос Узбекистана» газетаси учун таржима қилади. Шу ўртада дўсту қадрдонлари билан суҳбатлашиб, хуш кайфият билан уйга қайтади.
Уйда эса бадиий таржималар билан шуғулланади. Ўзи ҳам шеър машқ қилиб тургани учун шоирлар ижодидан кўнглига яқинларини таржима қилади. Ҳатто улуғ шоиримиз Абдулла Ориповдан рухсат сўраб, айрим шеърларини рус тилига таржима қилган.
Носир ака ёшлигидан журналистикага меҳр қўйган. У Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтида ўқиб юрган кезларида «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталарида институт ҳаётидан турли материаллар ёзиб турган. 1969 йилда институтни тугатар чоғида газета Бош муҳаррири Саъдулла Кароматов Носир Тоировни таҳририятга ишга жўнатишларини сўраб, институт раҳбариятига хат йўллайди. Ўша пайтда мактабларда тегишли ўқитувчи кадрлар етишмаслиги боис, бу хат инобатга олинмайди ва Носир Тоиров мактабга ишга юборилади.
Бироқ қаерда ишлашидан қатьи назар, Носир ака матбуотдан узилиб қолмади. «Ўқитувчилар газетаси», «Тошкент ҳақиқати», «Ташкентская правда», «Комсомолец Узбекистана», «Ўзбекистон овози», «Голос Узбекистана» газеталари ва турли журналларда унинг мақолалари мунтазам равишда чоп этиб келинди.
Носир Тоиров ўтган йиллар мобайнида Тошкент вилояти давлат бошқаруви идораларида масъул вазифаларда ишлади, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин янги ташкил этилган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашига ишга таклиф қилинди. Мустақил Ўзбекистондаги биринчи сиёсий партия — ЎзХДПнинг мақсад ва ғояларини тарғибот қилиш ишларида фаол қатнашди.
Партиядан сайланган депутатлар фаолиятини ОАВда кенг ёритиш, партия қурултойлари ва Марказий Кенгаш пленумлари материалларини рус тилига таржима қилиб, матбуотда эълон қилинишида унинг ҳиссаси катта бўлди.
— Тўғри, мен шоир ёки ёзувчи бўлмадим. Лекин адабиётга қизиқишим ҳеч қачон сўнмаган, вақт-вақти билан у-бу нарсаларимнинг вақтли матбуотда чоп этилиши, кўплаб адиблар билан мулоқотда бўлишим мени бир умрга адабиёт олами билан боғлаб қўйди, — дейди камтарлик билан Носир ака. — Таржимонлик билан ёшлигимдан шуғулланаман, пенсияга чиққан бўлсам ҳам, ҳозиргача «Голос Узбекистана» газетаси билан ҳамкорлик қилиб келаяпман. Бу менга куч беради, иш қанчалик масъулиятни талаб қилишидан қатъи назар, мен учун жуда завқли. Таржимонлик иши қийинлигини яхши тушунаман. Бунда нафақат адабий тилни, балки техника тилини, атамаларни ҳам билиш, энг муҳими, таржима қилинаётган асарнинг мазмун-мақсади ва руҳини сақлаб қолиш керак. Айни чоғда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш талаб этилади. Баъзи бир асарларни ўзбек тилидан рус тилига ўгирганман, парчалар таржима қилганман, лекин бу ҳақда гапиришга ҳали эрта, деб биламан...
Носир ака юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзини дахлдор деб билади, ана шу жараёнларда иштирок этишдан завқ олади, қувонади. Бу ибратли умр, албатта, ҳавас қиладиган умр...
Нуруллоҳ ДОСТОН,
«Ўзбекистон овози» мухбири.