Савол-жавоб кўп бўлса, муаммолар йўқ бўлади(ми?)
Савол-жавоб кўп бўлса, муаммолар йўқ бўлади(ми?)

 

Кеча, 12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кун бўйи бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилди.

 

Коррупцияга қарши ахборот

Ялпи мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси кўриб чиқилди. Масала юзасидан агентлик директори Акмал Бурҳонов ахборот берди.

Келтирилишича, вазирлик ва идоралар функцияларининг оптималлаштирилиши натижасида хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги, натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилган. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича «Е-Антикоррупция» лойиҳаси ишга туширилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилди ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилди. Таъкидланганидек, агентлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида 60 та ўрганишлар ўтказилган.

Йиғилишда депутатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича «йўл хариталари» ижроси ўз вақтида таъминланмагани, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш ишлари якунига етказилмагани ҳақида саволлар билан мурожаат қилишди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисида мураккаб вазифани бажариши керак бўлган янги тузилмани қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида позиция билдирилган эди. Ялпи мажлисда ҳам шундай ёндашув бўлди: Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси маълумот учун қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ҳудудий кенгашларнинг роли ва ўрни сезилмаётганини таъкидлади. Бу борада қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўради.

Агентлик раҳбари ҳудудий кенгашлар аъзолари жамоатчилик асосида иш юритиши, уларнинг фаолиятини баҳолаш бўйича рейтинг кўрсаткичлари ишлаб чиқилгани, лекин барибир кутилган натижа бўлмаётгани учун ҳудудий кенгашлар фаолиятини профессионал тартибда йўлга қўйиш юзасидан таклифлар тайёрланганини маълум қилди.

 

Давлат бюджет ижроси кечикиброқ муҳокама қилинди

Давлат бюджети – халқнинг ризқи ҳисобланади. Унинг ортида ҳар бир фуқаронинг манфаати, улуши бор. Мамлакат ривожи нафақат давлат бюджетига тушаётган маблағларнинг кўпайиши, балки уларнинг тўғри ва самарали сарфланишига ҳам боғлиқ. Шунинг учун депутатлар Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил 9 ойлик ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботини ҳам қизғин муҳокама қилди. Депутатлар шунчаки эшитмади, кескин саволлар ҳам бўлди, ўткир таклифлар айтилди, ҳукумат фаолияти чуқур танқидий таҳлилдан ўтказилди. Чунки давлат бюджетининг мақсадли ва самарали ишлатилиши ижтимоий кайфиятга, мамлакатимизнинг ижтимоий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2023 йилнинг 9 ойлигида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда ўсиш суръати 5,8 фоизни (йил бошидаги прогноз – 5,4%) ташкил этди. Бунда иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери хизматлар соҳаси бўлиб, унинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 6,5 фоизни (ўсишдаги ҳиссаси – 2,5 фоиз банд) ташкил этди.

Давлат бюджетининг харажатлар қисмида ижтимоий йўналтирилганлик тамойили сақлаб қолинган ҳолда, умумий харажатларнинг 98,5 триллион сўми ёки 49,0 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланди. Ушбу харажатларнинг 88,5 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига тўғри келди.

Ҳисоботдан сўнг муҳокамалар қизғин давом этди. Албатта, уларда фракциямиз аъзолари ҳам ўз мулоҳазалари, саволлари билан иштирок этди. Ўзбекистон ХДП депутатлари ижтимоий соҳадаги масъулларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бюджет маблағларининг манзиллилигини таъминлашга оид ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Совуқ кунлар бошланди, иссиқлик таъминотига эҳтиёж ўз-ўзидан ошади. Бу бўйича депутатларга кўплаб мурожаатлар бўлади. Аммо мавсумга тайёргарлик ишлари якунланаётганига қарамасдан иссиқлик таъминоти учун ажратилган маблағларнинг 45 фоизга ўзлаштирилганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Бу саволга Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари жавоб бераркан, 9 ойлик якуни бўйича рақамлар реал ҳолатни ифода этмаслигини, барча лойиҳалар йил охиригача якунига етказилишини, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эса депутатга декабрь ойининг иккинчи ярмида қўшимча маълумот берилишини билдирди.

 

Фракциямиз позициясини билдирди

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича стратегик ҳужжатлар қабул қилиниб, муҳим вазифалар белгиланиб, катта маблағлар йўналтирилмоқда. Натижалар оз эмас, лекин таҳлил ва ўрганишлар ажратилган қатор маблағлар ўз вақтида ишлатилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда.

Ривожлантириш дастурлари ва бюджет харажатларининг мақсадли индикаторларининг 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботда соғлиқни сақлаш тизимида бир қатор вазифалар бажарилмасдан қолаётгани акс этган. Хусусан, болалар тиббиёти ва туғуруқ муассасаларида юқори технологик лаборатория ускуналаридан тўлақонли ва самарали фойдаланиш мақсадида реагентлар, сарфланадиган анжомлар ҳамда сервис хизматлари учун ажратилган маблағларнинг 21 фоизи ўзлаштирилган, холос. Шунингдек, «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш учун ажратилган маблағларнинг 26 фоизи сарфланган.

Юқоридаги йўналишлар ижроси бажарилмаганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар берилмаган ёки тендер савдолари билан боғлиқ важлар кўрсатилган. Бундай ҳолатлар олдинги ҳисоботларда ҳам қайд этилган. Бу бюджет ижросида тендер савдолари сурункали муаммога айланиб қолганини кўрсатмоқда.

 

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракция позициясини билдирди.

Соғлиқни сақлаш йўналишига ажратилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ва мақсадли ишлатилишига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилиши зарур.

Хусусан, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни ишлатишда тендер савдолари асосий муаммога айланиб бораётганини ҳисобга олиб, шу йўналишдаги меъёрий-ҳужжатларни соддалаштириш, жараённи тезлаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, Ҳукумат бу борада аниқ вазифалар белгилаши керак, деди фракция раҳбари.

Давлат бюджетидан ижтимоий соҳа, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар инсон саломатлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалардаги камчиликлар инсонлар ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини унутмаслик керак, албатта.

Шунингдек, Давлат бюджетини, инвестиция дастурларини режалаштиришда ҳар томонлама пишиқ-пухта тайёрланмаган лойиҳаларни эътиборга олмаслик ёки ижтимоий аҳамияти юқори лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тезкор чоралар кўриш кераклиги ҳам қайд этилди.

Вазирлик ва идоралар бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасидаги хато-камчилик ва қонунбузилишларни бартараф этиш чораларини кўриб чиқиш ҳамда Давлат бюджети ижроси устидан сифатли молиялашган назорат (аудит) тизимини кучайтириш тақозо этилмоқда.

Фаолияти танқидий кўриб чиқилган масъул вазирлик-идоралар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш, кейинги ҳисоботларда ушбу масалалар бўйича уларнинг ахборотларини эшитиб бориш механизмларининг кучайтирилиши мақсадга мувофиқлиги ҳам қайд этилди.

Якунда Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўллаб-қувватлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.12.2023, №49

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш