Фракциямиз эътироз билдирган лойиҳа Ялпида орқага қайтди
Фракциямиз эътироз билдирган лойиҳа Ялпида орқага қайтди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритилган эди. Бироқ депутатлар мазкур лойиҳани кун тартибидан чиқариб юборди. Бир кун аввал Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисида эътирозли жойни лойиҳадан чиқариб ташлаш шарти билан қўллаган эди.

Лойиҳада давлат ёрдами (имтиёзлар, субсидиялар) бўйича лойиҳаларни Рақобат қўмитаси билан маслаҳатлашишни мажбурий қилиш, айрим санкцияларни юмшатиш таклиф этилганди.

Лойиҳа тақдимотида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фарруҳ Қорабоев “Рақобат тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингандан кейин айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати пайдо бўлганини таъкидлади.

Жумладан, айрим ўзгаришлар давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш билан боғлиқ бўлиб, шу асосида йил бошидан буён қўмита томонидан 377 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилган. Уларнинг 38 фоизида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи умумий ёки индивидуал меъёрлар аниқлангани билдирилди. Шу боис, давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш механизмини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат тадбиркорларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, мутлақ ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурслари ҳамда ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш шаклида ёрдам кўрсатиши мумкин.

Лойиҳа ташаббускорлари эса нафақат товар ва молия бозорларидаги рақобат масалалари бўйича лойиҳалар, балки давлат ёрдамини назарда тутувчи лойиҳаларни ҳам қўмита билан мувофиқлаштиришни мажбурий қилиш таклифини илгари сурди.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бу меъёрга қарши чиқди. Яъни, эндиликда Президентнинг тегишли фармонида қўмита давлат ёрдамининг таъсирини баҳолаб, хулоса бериши белгилаб қўйилганини таъкидлади.

“Президент фармонида давлат органлари давлат ёрдами беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рақобат муҳитига уларнинг таъсирини баҳолашдан ўтказиш кераклиги белгиланган. Яъни, таъсирини баҳолаш учун хулоса олиниши назарда тутилган. Сизларнинг фикрингизга кўра, давлат раҳбари кимгадир имконият ва имтиёз берадиган бўлса ёки биз бир қонунни қабул қилсак, сизлар билан мажбурий тартибда келишишимиз керакми? Ёки ҳукумат келишадими? Сизлар ҳам ҳукумат таркибида эмасмисизлар? Парламент қонунни (қабул қилмоқчи) ёки Президент фармон (қабул) қилмоқчи, сизлар билан келишиб олиши керакми? Сизлар мажбурий келишасизлар. Йўқ, десангиз, йўқмиш. Бор десанглар, бормиш… Буни бу жойга қўшишинглар керак эмас. Бу борада махсус институт бор. Ана шу асосида ишлайверинглар. Қонунга мажбурий келишишни қўшишнинг нима кераги бор?”, — деди у.

Шу билан бирга, қонуннинг 13-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилганди. Унга кўра, асосий фаолияти табиий монополия шароитида товар ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъект бундай фаолиятни амалга оширса, товар ёки монополия бозорида устун мавқе, деб эътироф этилади.

Фаррух Қорабоевга кўра, нархлар асоссиз оширилган ёки тарифлар нотўғри белгиланган, тадбиркорлар ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинган тақдирда мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланилади.

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров Президент қарорида табиий монополияларни устун мавқега эга бўлган корхоналар мақомига ўтказиш тўғрисидаги банд мавжуд эмаслигини таъкидлади. Ушбу масала партия фракцияси йиғилишида ҳам қизғин муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган тартиб амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб, спикер Нурдинжон Исмоилов мазкур қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб ташлаш, ҳужжатни якунлаш ва биринчи ўқишда қайта кўриб чиқиш учун қўмитага қайтаришни таклиф қилди. Кўпчилик овоз билан лойиҳа кун тартибидан чиқарилди.

 

«Ўзбекистон овози», 13.12.2023, №49

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш